Жамғарма Бошқарув органининг навбатдаги йиғилишида, шунингдек, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб фаолият юритган таниқли дипломат Анумула Гитеш Шарма ICAF вице-президенти лавозимига тасдиқланди.
Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси "Ҳиндистон-Марказий Осиё" жамғармаси билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Хусусан, жорий йил июль ойида Деҳли шаҳрида муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайлови якунларига бағишланган "давра суҳбати" ташкил этилди.
Анжуманда таниқли экспертлар ва таҳлилчилар, жумладан, Жаваҳарлаъл Неру университети, Деҳли университети, Жамия Миллия Исламия университети, Индира Ганди номидаги Миллий очиқ университет, Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлили институти, Ҳиндистон ижтимоий таълим институти, "Vivekenanda International Foundation" етакчи таҳлилий маркази вакиллари, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида турли йилларда элчи бўлиб ишлаган дипломатлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сентябрь ойида Ҳиндистон халқаро марказида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган халқаро конференцияда буюк бобокалонимизнинг илм-фан соҳасидаги фаолияти турли йўналишларни қамраб олгани, инсоният илмий тафаккурининг ривожланишига катта таъсир кўрсатгани ҳамда бугунги кунда ҳам буюк алломанинг бой илмий мероси халқаро кўламда чуқур ва изчил ўрганишда давом эттирилаётгани таъкидланди.
Жамғарма вакиллари Кашмир университетида ноябрь ойида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг тарихи ва бугунги ҳолати ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.
Элчихона ва жамғарма 2024 йилда ҳам Ўзбекистон ҳаётида амалга оширилаётган янгиланиш жараёни, Ўзбекистон-Ҳиндистон серқирра муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, ўзаро манфаатли бошқа мавзуларда биргаликда қатор тадбирларни ташкил этиш, турли китоб ва рисолаларни чоп этишни мақсад қилган.