130 дан ортиқ давлатдан юқори мартабали вакиллар, хусусан, 30 дан ортиқ вазир, 800 дан ортиқ олий таълим муассасаси раҳбарлари ва халқаро ташкилотлардан меҳмонлар таклиф этилган мазкур анжуманда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади.
Конференциянинг асосий мақсади олий таълимда илғор хорижий тажрибани оммалаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги “Таълим-2030 кун тартиби”га киритилган олий таълим соҳаси “йўл харитаси”ни амалга оширишни муҳокама қилишдан иборат.
Ўтказиладиган уч кунлик тадбир кун тартибидан олий таълимда мобилликни ривожлантириш, соҳада глобал ҳамкорликни жадаллаштириш ва халқаро кўп томонлама конвенцияларга қўшилиш орқали мобилликдаги турли тўсиқларни олиб ташлаш, COVID-19 пандемиясининг олий таълимга таъсири, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда олий таълимнинг ўрни, инклюзивлиги каби масалалар ўрин олган.
Шунингдек, анжуман доирасида Ўзбекистонда олий таълим сифатини таъминлаш ва инсон капиталини ривожлантириш ҳамда олий таълим малакаларини халқаро даражада тан олинишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича тақдимот ўтказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида 21-22 май кунлари Барселона ва Пампео Фабра университетлари, Барселонадаги миллий таълим ахборот маркази ва ЮНEСКО офиси раҳбарлари билан учрашиши режалаштирилган, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.