Айни кунларда маданият ва санъат саройлари aжойиб учрашувлар, ижодкорлар билан ўтаётган мулоқотлар билан гавжум.
Куни кеча Қибрай туманидаги “Дўрмон” маданият саройида ўтказилган маданий кеча ҳам унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.
Тадбир Ўзбекистон халқ ҳофизи, ўзбек қўшиқчилик санъатида лирика йўналишига асос солган чинакам санъаткор Фахриддин Умаров таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Ардоқли ҳофизнинг фарзанди Жамолиддин Умаров ҳамда Қибрай тумани ҳокимлиги маданият бўлими ташабусси билан ўтказилган “Мени ёд эт” деб номланган хотира кечасида оддий меҳнат аҳлидан тортиб, таниқли шоир ва хонандалар жам бўлди. Эътиборлиси, қардош республика — қирғиз диёридан ҳам меҳмонлар таклиф этилди.
Фахриддин Умаровдан қўшиқ айтиш сирларини ўрганиб, саҳнага чиққан ўшлик хонанда — Қирғизистон халқ артисти Расулжон Ўрайимжоновнинг иштироки кечага ўзгача файз киритди.
Учрашувда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Шукур Дадаш, Зиёвуддин Мансур каби ижодкорлар ҳам ўз хотиралари билан ўртоқлашиб, янги шеърларидан ўқиб берди.
Хотира кечасида устоз санъаткорнинг шогирдлари ҳам иштирок этиб, эл аро машҳур бўлган бир қанча қўшиқлари ижро этилди.