Сафар давомида Малайзия халқаро ислом университети ва Перлис ислом университети кампусларига ташрифлар ва олийгоҳларнинг раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Натижада туризм, ислом иқтисодиёти йўналишларида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий ва ўқув жараёнларини ташкиллаштириш борасида тажриба алмашиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Малайзияда қўшма кафедрасини ташкил қилиш масаласи бўйича фикр алмашилди ва тегишли режалар белгилаб олинди.
Малайзия халқаро ислом университетида “Туризмни ривожлантиришнинг замонавий муаммолари” мавзусида ўқув дастури ташкил қилинди. Семинар доирасида делегация аъзолари туризмни мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғига айлантириш, туризм кластерларини ташкил қилиш, ҳалол туризм хизматларини жорий қилиш йўналишидаги Малайзия тажрибаси билан танишдилар. Шунингдек, мамлакатнинг Пенанг, Кедах, Перлис, Мелака штатларидаги ва Куала-Лумпур шаҳридаги асосий сайёҳлик объектларида яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Ташриф давомида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Хорижий томонга Ўзбекистонда барча жабҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ислом цивилизациясининг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш йўналишидаги тизимли ишлар, замонавий сайёҳлик ва транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш, мусулмон зиёратчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг фаолияти тақдим қилинди.
Малайзия ҳалол туризм стандартлари бўйича дунёнинг етакчи мамлакати ҳисобланади. “Crescent Rating” халқаро агентлигининг “Жаҳон мусулмон туризми индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингида биринчи ўринни эгаллайди.
“Malaysia Truly Asia” жаҳоннинг энг машҳур ва самарали туризм брендларидан бири ҳисобланади. Мазкур бренд остида 1999 йилдан буён мамлакат бутун дунёда ташқи реклама, босма нашрлар, онлайн ресурслар ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилинади. Бренднинг “Facebook” саҳифасида обуначилари сони 1,7 миллион кишини ташкил қилади. Малайзия Туризм вазирлигининг кампанияси натижасида мамлакатга сайёҳлар оқими сўнгги 10 йил мобайнида 10 миллиондан (2000й.) 26 миллионга ўсган (2019й.).
Мамлакат пойтахти Куала-Лумпур сайёҳлар ташрифи бўйича дунёдаги етакчи 10 та шаҳар қаторида бўлиб, йилига 14 миллион хорижий сайёҳни қабул қилади. Куала-Лумпурга ҳар йили 22 миллиондан ортиқ ички сайёҳлар ҳам ташриф буюришади.