Ушбу форум илк бор 2012 йилда Кишинев шаҳрида (Молдова), 2015-йил Минск (Беларус)да, учинчи бор 2018-йил Ереван шаҳрида (Арманистон) ўтказилган бўлса, бу галги форумга Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда.
Форумда Арманистон, Эстония, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия, Украина, Россия, Молдова, Беларус, Тожикистон, Озарбайжон каби давлатлардан ташриф буюрган қатнашчилар Экспертлар кенгаши томонидан танлаб олинган спектакли билан иштирок этади.
Ҳар бир саҳна асарини турли давлатлардан йиғилган Ҳайъат аъзолари баҳолаб боради.
Шунингдек, форум доирасида “Таълим дастури” амалга оширилади. Унда ёш театр ижодкорларига ўз касбий тажрибалари билан ўртоқлашиш имкони берилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти театр йўналиши талабаларига маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ўтказилади. Форум иштирокчилари “Таълим дастури” лабораториясида малакали режиссёр, актёр ҳамда театр танқидчиларидан маҳорат дарсларини олиб, форум давомида ягона спектакл устида ижод қилишади. Форум якунида эса мазкур спектакл томошабинлар эътиборига ҳавола этилади, деб хабар бермоқда Маданият вазирлиги ахборот хизмати.