Бунда ўзаро ишончнинг ўзи камлик қилади. Халқаро бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш учун харидор талабига мос, сифатли маҳсулотни ҳамма мавсумда узлуксиз етказиб бериш зарур.
Бундан бир неча йил олдин мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, анъанавий бозорлардан ташқарига чиқиш учун соҳа олдига барқарор етиштириш ва етказиб бериш вазифаси қўйилганди. Шунга яраша қатор ислоҳотлар ўтказилди, аниқ саъй-ҳаракатлар бажарилди. Натижада Ўзбекистон ўтган йили бир қанча хорижий давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берувчи барқарор экспортёрлар қаторидан жой олди.
Маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистоннинг мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти қиймати илк бор 3,2 миллиард долларга яқинлашди. Бу салкам 141 фоиз ўсиш дегани. Юртимизда етиштирилган маҳсулотлар қўшимча 18 та янги бозорга кириб бориб, экспорт географиямиз 89 давлатга етди. Янги импортёрлар қаторига Гватемала, Эквадор, Миср, Словения, Дания, Мальта каби давлатлар қўшилган. Экспорт қилинган мева-сабзавотлар тури эса 110 дан ошди.
Гап фақат рақамларда эмас. Сон билан бирга сифат ҳам ошиб боряпти. Экспортда бу энг муҳим жиҳатлардан бири бўлгани ҳолда кейинги йилларда юртимизда айни йўналишда аниқ ва тизимли ишлар бажарилмоқда. Жаҳон бозорида маҳсулотнинг сифатидан қадоқланишигача, хусусан, халқаро стандартларга мослиги каби ҳар бир жиҳат аниқ мезонлар асосида ўлчанади. Ана шу талабларга жавоб бериш экспорт ҳажмини ошириш баробарида миллий брендни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қилинаётган ишлар кўлами эса анча кенг. Аввало, тупроқни экинга тайёрлашдан экспортбоп маҳсулот етиштиришгача бўлган жараённи қамраб олган тизим яратилган.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим ЭРГАШЕВ билан суҳбатимиз жаҳон озиқ-овқат бозоридаги асосий талаблар, сифат стандартларига мослик, мамлакатимиз экспорт ҳажмини ошириш йўналишида қилинаётган ишлар ва бу борада асосий вазифалар хусусида бўлди.
— Жаҳон бозорида экспорт талабларининг тобора ошиб бораётгани озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи билан ҳам боғлиқ. Глобал экологик хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда маҳсулотлар сифатига талаб ортаётгани табиий ҳол. Дунё аҳолиси экологик тоза маҳсулот истеъмол қилишга интиляпти. Натижада импортёр давлатлар озиқ-овқат, хусусан, мева-сабзавотларни харид қилишда фитосанитар хавфсизлик талабларига жиддий эътибор қаратяпти, — дейди И.Эргашев. — Биз энди қуёшли ўлкамизда пишиб етиладиган мева-сабзавотларнинг жуда мазали, табиий эканини айтиш билангина харидорларни ишонтира олмаймиз. Ваҳоланки, йиллар давомида шунинг ўзи билан чекланганимиз боис, қўшни анъанавий бозорлардан ташқарига чиқа олмадик. Бугун эса, аввало, ўзимизга талабларимиз ўзгарган. Маҳсулотлар сони ва сифатини ошириш билан бирга уларни халқаро стандартларга мослаштириш, жаҳон бозорида миллий брендимизни кенг ёйишга интиляпмиз. Бунинг учун ҳар бир жиҳат — тупроқ сифатидан тортиб, маҳсулот экспорт қилингунга қадар бўлган жараён халқаро талаблар асосида бажариляпти. Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш, маркировкалаш ва халқаро стандартлар асосида экспорт қилишда тажрибамиз ошиб бормоқда. Биз бу механизмни жорий этиб, унга мослашишга эришдик. Энди буларни фақат такомиллаштириб борамиз.
Президентимизнинг тегишли қарорига биноан 2021 йилда ташкил этилган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги олдига қўйилган асосий вазифалар ҳам шулардан иборат. Ўтган даврда ташкилот фаолияти йўналиши кенгайиб, зиммасига янги вазифалар юкланди. Бугун агентлик ўсимликлар карантини, ҳимояси ва агрокимё соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини юритувчи давлат бошқаруви органидир. Ташкилот таркибида агентликнинг ҳудудий бошқармалари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти, Республика агрокимёвий таҳлил маркази, “Биосифат” республика маркази фаолият юритиб келмоқда.
Уларда маҳсулотлар сифати текширилиб, тегишли фитосанитар сертификати ва карантин рухсатномалари берилади. Шу билан бирга, агентлик ўсимликлар карантинидаги маҳсулотлар турлари, уруғликлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ҳамда лаборатория экспертизасидан ўтказиш; уруғликлар, ўсимликлар, ўсимлик хомашёси, бошқа ўсимлик маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (халқ истеъмоли товарлари)ни мамлакат ичида ташиш, экспорт қилиш учун олиб чиқишнинг карантин қоидалари ҳамда улардан фойдаланиш шартларини тасдиқлаш; мамлакатимиз учун ўсимликлар карантинида бўлган зарарли организмлар, четдан киритилиши мумкин бўлмаган экиш материаллари, ўсимликлар карантини остидаги маҳсулотлар, республикамиз ҳудудидан олиб чиқилиши мумкин бўлмаган ўсимликлар карантинидаги маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлаш; зарарли организмларга қарши курашнинг биологик усулини кенг қўллаш чораларини кўриш каби кўплаб вазифаларга ҳам масъул.
Халқаро тартиб-тамойилларга асосан Ўзбекистондан экспорт қилинадиган маҳсулотлар, аввало, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳузуридаги Марказий фитосанитария лабораторияси ва лабораториянинг ҳудудий филиалларида экспертизадан ўтказилади. Марказий Осиёда ягона бўлган мазкур лаборатория халқаро аккредитациядан ўтган бўлиб, тузилма тақдим этадиган хулосалар асосида мева-сабзавотлар экспорт қилинади. Марказ энг сўнгги русумдаги замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Бугун 6 йўналишдаги фитосанитария экспертизаларини ўтказиш, ўсимликларнинг барча йўналишида касаллик ва зараркунандаларни аниқлаш имконияти мавжуд. Масалан, помидор ва булғор қалампири узлуксиз равишда 8 соат давомида ПЗР текширувидан ўтказилади ва ижобий натижа кўрсатсагина экспортга рухсат этилади. Ўтган йили лабораторияда импорт қилинган маҳсулотлар бўйича 324,8 мингта экспертиза ўтказилди. Шундан 940 ҳолатда 27 турдаги карантин объектлари аниқланиб, хавфли зарарли организмлар кириб келишининг олди олинди ва тегишли чоралар кўрилди.
Шунингдек, 2025 йилда 9 давлатга 39 турдаги маҳсулот экспорти учун фитосанитар рухсатномалари олинди. Натижада фитосанитар рухсатномалар сони 647 тага етди. Яъни экспортга чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати текширилгач, уларга тегишли халқаро сертификат берилади. Шундан кейингина хорижга чиқарилади.
Боиси, экспортга тайёрланаётган маҳсулот фитосанитар хавфсиз, турли касаллик ва зараркунандалардан холи бўлиши лозим. Акс ҳолда, бу импортёрнинг ишончига путур етказиш баробарида миллий брендга доғ бўлиб тушади ҳамда экспорт ҳажмининг қисқаришига олиб келади. Чунки экспорт бир корхона ёки шахснинг эмас, балки мамлакат манфаатини ифодалайдиган муҳим жараёндир.
Кейинги йилларда жаҳон бозорида маҳсулотлар қадоғига ҳам эътибор ошмоқда. Қадоқ қанча замонавий, ноодатий, халқаро маркировка талабларига мос бўлса, маҳсулотнинг харидоргирлиги шунча ошмоқда. Чунки бугун қадоқ фақат чиройли кўриниш эмас, балки экологик, мустаҳкам, ташишга қулай ва зарур ахборот акс эттирилган муҳим ўрамдир. Халқаро Global GAP сифат талабларига кўра, қадоқда аниқ маълумотлар, оригинал дизайн ва QR-код бўлиши зарур. Харидор ушбу код орқали маҳсулот ҳақидаги барча маълумотлар ҳамда сертификатларини осонгина текширади.
— 2025 йил мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини такомиллаштириш ва янгилаш йили бўлгани таъкидланмоқда. Соҳадаги рақамлар, кўрсаткичлар ҳам шуни кўрсатяпти. Хусусан, мева-сабзавот экспорти ҳажми сезиларли ошиб, ўнлаб янги бозорларга кириб борилди. Айрим меваларимиз рекорд даражада экспорт қилинди, шундай эмасми?
— Ҳақиқатан, ўтган йил кўплаб соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам сермаҳсул бўлди. Биз шундай ислоҳотлар даврида бу натижаларни энди шунчаки об-ҳаво ёки бошқа табиий омиллар билан боғлай олмаймиз. Чунки эришилаётган натижалар асосида соҳадаги катта амалий ишлар, илмий асосланган саъй-ҳаракатлар, илғор технологияларнинг жорий этилиши ва албатта, шу йўналишдаги деҳқон, фермер, тадбиркорларга берилаётган имконият ва имтиёзлар мужассам. Бу борадаги чора-тадбирлар ўтган йили бошиданоқ Президентимизнинг тегишли қарори асосида белгиланиб, аниқ ишларга киришилган эди. Биргина имтиёзлар йўналишида олсак, деҳқон ва фермерларни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, субсидия ва кредитлар тизимини соддалаштириш бўйича янги механизмлар жорий этилди. Мева-сабзавот экспорти билан шуғулланувчи корхоналарга қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Масалан, маҳсулотини замонавий қадоқларда экспорт қиладиган корхоналар учун фойда солиғи 15 фоиздан 1 фоизга туширилди. Уларнинг ходимлари учун қўлланадиган 12 фоизли ижтимоий солиқлар ҳам 1 фоизга қисқартирилди. Қолаверса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермерлардан йиғиб, саралаб, замонавий қадоқлаб, экспорт қилган корхоналарга ҳар бир қадоқнинг 3000 сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилиши тартиби жорий этилди. Фаолиятида халқаро стандартларни қўллаган тадбиркорлик субъектларининг эса сертификат олиш харажати тўлиқ қоплаб берилмоқда. Буларнинг барчаси экспортёр корхоналарнинг солиқ юкламаси камайиб, маблағни тежаши ва даромади ошишига хизмат қиляпти.
Умуман, ўтган йили Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги учун ҳам масъулиятли, сермазмун ва самарали кечди. Йил давомида мамлакатимиз фитосанитар хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, далалар четидан самарали фойдаланиш, экспортёр тадбиркорлар фаолиятини давлат кўмагида ривожлантириш, қадоқланган маҳсулотлар экспорти орқали тўлов қобилияти юқори давлатларга Ўзбекистон маҳсулотларини олиб чиқиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар бажарилди.
Мамлакатимиз бўйлаб қиймати 34 миллион доллардан ортиқ салкам 2 миллион тонна қувватга эга, қадоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 27 та лойиҳа ишга туширилди. Маҳсулот етиштирувчи, йиғувчи, тайёрловчи ҳамда экспортчилар иштирокида 388 та қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил қилинди. Органик сертификатга эга экин майдонлари 13 минг гектарга етказилди.
Тизим тўлиқ рақамлашиб бораётгани ҳам экспорт жараёнини тез ва сифатли йўлга қўйишга хизмат қиляпти. Масалан, ўтган йили агентликнинг “E-fito.uz” ахборот тизими Божхона қўмитаси электрон платформаси билан интегрaция қилинди. Бу орқали мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти статистикасини улар етиштирилган ҳудуд бўйича шакллантириш механизми ишга туширилди. Шунингдек, 52 минг 273 та фермер хўжалигида “Дала дафтари”ни юритиш тизими йўлга қўйилди.
Асосий натижалар юртимиз мева-сабзавоти экспорти ҳажмида яққол кўзга ташланмоқда. Бу йўналишда экспорт географиямиз 89 давлатга етиши баробарида, Ўзбекистон кўплаб мамлакатлар учун барқарор маҳсулот етказиб берувчи экспортёрга айланди. Илк бор Мўғулистонга 1 миллион 481 минг долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди.
Биргина Жанубий Кореяга гилос ва анор экспорти бўйича мамлакатимиз етакчи ўринга чиқди. Жорий йилдан ушбу давлатга гилос экспорти ҳажмини янада ошириш кўзланган. Жанубий Корея бозорларига ушбу мевани тўғридан тўғри олиб кириш бўйича музокаралар ўтказиляпти. Бунга имкониятимиз етарли. Аввало, интенсив боғлар майдонини кенгайтириш, экспортбоп навларни кўпайтириш, сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантиришни давом эттириш зарур. Энг муҳим талаблардан яна бири эса фитосанитар хавфсизликни таъминлашдир. Шу сабабли 2026 йилнинг мева экспорти мавсумига ҳозирдан тайёргарлик бошлаб юборилган. Ахир, Жанубий Кореяникидек талабчан бозорларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг ортиши мева-сабзавотларни етиштириш, қадоқлаш, маркировкалаш борасидаги талабларни янада кенг жорий этишни тақозо қилади.
Экспорт ҳажмининг ортишида халқаро кўргазмаларнинг ҳам ўрни катта. Авваллари тадбиркорларимизнинг бундай кўргазмаларда иштирок этиши бир машаққат бўлса, у ерда ҳамкорлар топиш янада мураккаб эди. Ҳозир эса, аксинча, бундай халқаро кўргазмалар айнан янги ҳамкорлар топишда зарур майдонга айланган. Шу боис, маҳаллий тадбиркорларнинг улардаги иштирокини давлатимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти.
Ўтган йили биргина Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги кўмагида 200 га яқин экспортчи корхона вакиллари халқаро кўргазмаларда иштирок этди. Турли давлатларда ташкил этилган “Ўзбекистон маҳсулотлари” савдо ярмаркалари доирасида 150 дан ортиқ экспортёр жами 23,5 миллион долларлик экспортолди келишувларга эришди. БАА, Швеция, Малайзия, Япония, Мўғулистон каби давлатларнинг йирик савдо тармоқларида узум, анор, қовун, олхўри, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавотларнинг доимий сотуви йўлга қўйилди.
— Ўзбекистон 2026 йилда Жаҳон савдо ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишни мақсад қилган. Бу янада катта бозор сари йўл дегани. Шу билан бирга, маҳсулотларимиз экспортида халқаро талаблар янада қатъийлашади. Бунга мослашиш бўйича, умуман, жорий йилда ушбу йўналишда қандай вазифалар белгилаб олинган?
— 2030 йилгача мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти қийматини 10 миллиард долларга етказишдек юқори маррани кўзлаганмиз. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда олдимизга қўйилган вазифалар ҳам, кўзланган марралар ҳам ниҳоятда салмоқли. Аввало, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини 140 фоиздан оширишни бошланғич мақсад қилганмиз. Боиси, ЖСТга аъзолик бу кутилмани янада ошириши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам экспорт географиясини кенгайтириш ва янги бозорларга чиқиш ишлари фаол давом эттирилади.
Экспортда юқори натижани таъминлаш ҳосилдорликни ошириш билан боғлиқ. Шу боис, жорий йилда юртимиз қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш, дала четларида ҳам иқлимга мос олча, олхўри каби меваларни етиштириш режалаштирилган. Қолаверса, 4,3 миллион гектар ерда дала назорати мониторингини ўтказиш, 731 минг гектар майдонда агрокимёвий картограмма ишлаб чиқиш, пестицид ва минерал ўғитларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий қилиш ишлари бошлаб юборилган.
Минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликларининг давлат рўйхатидан ўтмаган кимёвий воситаларни қўлламаслиги бўйича янги тартибни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш, хусусий секторнинг зарарсизлантириш (фумигация) тадбирларини амалга ошириши тартибини тасдиқлаш каби қатор амалий вазифалар ҳам белгиланган.
Бу вазифалар жаҳон стандартларига мосланган бўлиб, уларнинг айнан халқаро талаблар билан уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилади. Боиси, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш учун имконият тақдим этиши билан бирга янги тартиб-таомилларни жорий этишни тақозо қилади. Лаборатория текширувлари, сифат назорати ва бошқалар шулар жумласидан.
Шу боис, янги жорий этилган ана шундай тартиблардан бирига кўра, 2026 йил
1 январдан бошлаб Ўзбекистондан экспорт қилинаётган барча турдаги қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, жумладан, қуритилган маҳсулотлар “Certificate of Analysis” (CоА) таҳлилидан ўтказилиши талаб этилади. Мазкур талаб Ўзбекистондан Европа Иттифоқи давлатлари бозорига экспорт қилинаётган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан “Atyab International Services” ҳамда “Control Union” халқаро лабораторияларини жалб этган ҳолда жорий қилинмоқда.
“Atyab International Services” озиқ-овқат хавфсизлиги, лаборатория таҳлиллари ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида фаолият юритувчи халқаро ташкилот бўлиб, Европа ва Яқин Шарқ бозорлари учун қабул қилинадиган таҳлил натижаларини тақдим этади. “Control Union” эса 100 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритувчи, озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш соҳасида халқаро стандартлар асосида сертификатлаш ва лаборатория хизматларини кўрсатувчи нуфузли ташкилот.
“Certificate of Analysis” таҳлили эса пестицид қолдиқлари, оғир металлар, маҳсулотнинг микробиологик хавфсизлиги ҳамда бошқа муҳим техник ва санитар кўрсаткичлар бўйича текширади. Янги механизм экспортдан олдин маҳсулотларнинг халқаро стандартлар ва импорт қилувчи давлатлар регламентларига тўлиқ мувофиқлигини тасдиқлашга қаратилган бўлиб, экспорт жараёнидаги хавф-хатарларни бартараф этиш имконини беради. Натижада экспорт маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифати кафолатланади, экспортчилар молиявий йўқотишлардан ҳимоя қилинади, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро бозорларда Ўзбекистон маҳсулотларига ишонч мустаҳкамланади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.