Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Қозоғистон – Туркманистон – Эрон – Туркия Республикаларининг транспорт вазирлиги ҳамда темир йўл соҳаси вакиллари ўртасида видеоконферентсалоқа шаклида учрашув ўтказилди.

 Учрашувда “Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа” халқаро транспорт йўлагини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзолаш билан боғлиқ жараёнларни жадаллаштиришга қаратилган муҳим масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, давлатлар ўртасида халқаро транспорт ва транзит йўналишини ривожлантириш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилди.

 Томонлар “Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа” халқаро транспорт коридорини ривожлантириш барча учун бирдек манфаатли эканлигини, ушбу йўлак транзит ташувлари ва мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш учун янги имкониятлар очишга хизмат қилишини таъкидлади.

 Зеро, ушбу тарихий ҳамкорликнинг умумий мақсади минтақада савдони ривожлантириш, халқаро юк ташувлар ҳажмини ошириш, транзит ташувлари ва ундан тушадиган тушумларни кўпайтиришдан иборатдир. Учрашувда муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида томонлар келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олди.

 Янги муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган Ўзбекистон Республикасининг жаҳон транспорт-логистика тармоқларига интеграциялашувини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизимининг салоҳиятини ошириш мақсадларига эришишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.