Таъкидланганидек, мамлакатда энергия ишлаб чиқариш соҳасида катталиги жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи мазкур электростанцияни қуриш учун 600 миллион доллар миқдорида инвестициялар жалб қилиш кутилмоқда.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа шамол ёрдамида 3 ГВт миқдорида электр энергия ишлаб чиқариш бўйича белгиланган мақсадларга эришилишига ёрдам беради. Компания Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватидаги қайта тикланувчи манбалар улушини 25 фоизга етказишни режалаштирмоқда.

— Ўзбекистонда барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда табиат ўзгаришига қарши курашиш, шунингдек, дунё иқлимини яхшилаш мақсади йўлида аниқ натижаларга эришиш учун биргаликдаги ҳамкорлигимизда мисли кўрилмаган имкониятлар мавжуд, — дейди БАА саноат ва илғор технология лар вазири, табиат ўзгариши бўйича махсус вакил Султон Ол Жабер нашрга берган интервьюсида.

Зарафшондаги 500 МВт қувватга эга станция 2024 йилнинг якунига қадар ишга тушади ва 500 минг уй хўжалигини электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Лойиҳа Жаҳон банкининг Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва Европа ривожланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобига молиялаштирилди.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон Яқин Шарқдаги йирик инвесторлар ўртасида қайта тикланувчи энергияларга инвестиция киритиш учун «қайноқ манзил»га айланган.

Саудия Арабистонининг “Acwa Power” компанияси Ўзбекистонда буғ электр станцияси комбинацияланган циклини қуриш лойиҳасини молиялаштириш масалаларини якунлашга эришди.

1,5 ГВт қувватга эга лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талабнинг 15 фоизи қопланади ва 2,2 миллион тонна карбонат ангидрид чиқиндилари ҳавога чиқарилишининг олди олинади.