Дарёларнинг бўйидан дарё бўлиб тошганим,
Ватан боғин асрай деб, тоғлардан ҳам ошганим,
Ойнинг тўлишин кутиб, саҳарларда шошганим,
Нияти хуш, хушкелбат - Ўзбекистон йигити!
Орзулари ҳавода байроқдай ҳилпираган,
Аждодлари душманнинг кўксига тиз тираган,
Ер шарини қучоқлаб, унга тинчлик тилаган,
Қаҳрамон халқ боласи - Ўзбекистон йигити!
Самоларга боққанда кўзидан юлдуз сачрар,
Ер ости бойлигимиз, ер устида ярақлар,
Биз яшаган маконни дунё хавфсиз деб шарҳлар,
Бу юртни қўриқлаган - Ўзбекистон йигити!
Тили чиққан болага ўргатинг истиқлолни,
У бир куни миллатга кўрсатар истиқболни,
Болаларнинг кўзида кўрган чоғим иқболни,
Кўзларимда улғаяр - Ўзбекистон йигити!
Биз азалдан, қадимий ҳур яшаган миллатмиз,
Ҳурлик, озодлик учун йўл бошлаган миллатмиз,
Йиқилганни суяшга қўл ташлаган миллатмиз,
Аждодларга муносиб - Ўзбекистон йигити!
Бугун ҳам, эртага ҳам, асранг она тупроқни,
Ватан сира кечирмас, хоин, қалби қуроқни,
Душманга йўл бермаган, эсланг ботир Широқни,
Кўкси имонга тўла - Ўзбекистон йигити!
Қаҳратонда қон кечиб, сарҳадин пойлаганим,
Саратон ёз ичида қишини ёзлаганим,
Кўклам лолазор ичра қалбин чиройлаганим,
Тўрт фаслнинг эгаси - Ўзбекистон йигити!
Ўзбекнинг ботирлари эртак қадим замондан,
Қаранг, шу нафас қаранг, келар тўртта томондан,
Улар борки, умид бор, хабар омон-омондан,
Сарҳадларда турганлар - Ўзбекистон йигити!
Кексаларнинг дуосин олган ўша мардларим,
Дунёга бўй кўрсатган, тинчлик учун шартларим,
Йўлбарсим, бургутларим, ювар кўнгил дардларин,
Алпомишсифат кўркам - Ўзбекистон йигити!
Кўз қароғидай асранг она Ўзбекистонни,
Кўкда учинг, қуш бўлинг, ечинг турфа чистонни,
Тоғ-тош, қумли саҳрода асранг жон гулистонни,
Жондай азиз, ҳушёрим - Ўзбекистон йигити!
Дилбар ҲАЙДАРОВА,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.