Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
SISGP стипендия дастури барқарор ривожланишга ҳисса қўшишни мақсад қилган, етакчилик салоҳиятига эга бўлган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Дастур доирасида Швециянинг 29 та етакчи олий таълим муассасасида амалга оширилаётган инглиз тилидаги магистратура дастурлари қамраб олинади. Улар орасида KTH, Lund University, Uppsala University, Karolinska Institute, Chalmers University каби Европа топ-университетлари ҳам мавжуд.
Ўзбекистон фуқаролари давлат бошқаруви, тиббиёт, тадбиркорлик ва инновациялар, шунингдек STEM — фан, технология, муҳандислик ва математика йўналишлари бўйича магистратура дастурларига ҳужжат топширишлари мумкин.
Танлов қоидаларига кўра, ўқиш дастурини танлаш номзод ихтиёрида қолади. Шу билан бирга, барқарор ривожланиш устувор йўналишларига мос келадиган ҳамда олинган билимларни номзод ўз мамлакатисида амалиётга жорий этиш имкониятини кўрсатиб берадиган аризаларга устунлик берилади.
Ариза топшириш жараёни икки параллель босқичда амалга оширилади. Аввало, номзод магистратура дастурини танлаб, университетларга марказлашган www.universityadmissions.se платформаси орқали 2026 йил 15 январга қадар ҳужжат топширади. Шундан сўнг, 2026 йил 9–25 февраль кунлари оралиғида Швеция институти стипендияси учун алоҳида ариза тақдим этилади.
Номзодлардан камида бакалавр даражасига эга бўлиш, инглиз тилини белгиланган даражада билиш, танланган йўналишга мос камида бир йиллик иш тажрибаси ҳамда етакчилик қобилияти ва мотивацияни акс эттирувчи хат тақдим этиш талаб этилади.
Маълумот учун, Швеция институти — таълим, фан, маданият, демократия ва барқарор ривожланиш соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланувчи давлат ташкилотидир.