Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - Туризм ва маданий мерос вазири, ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Ўзбекистон Республикасининг ЮНEСКОдаги доимий ваколатхонасини саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитага 4 йилга (2022-2026) аъзо бўлди.
Таъкидлаш керакки, ЮНEСКОнинг иккинчи минтақавий сайлов гуруҳида (Шарқий Европа ва МДҲнинг айрим давлатлари) иккита бўш ўрин учун бешта номзод – Ўзбекистон, Болгария, Босния ва Герцеговина, Словакия ҳамда Эстония ўзаро кураш олиб борди.
Ўзбекистон учун энг кўп давлат овоз берган – 105. Бошқа рақобатчи давлатлар қуйидагича овоз олган: Словакия (94 – иккинчи бўш ўринга сайланган), Эстония (69), Болгария (26), Босния ва Герцеговина (9).
Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг асосий вазифалари - Конвенция мақсадларини илгари суриш, илғор тажрибалар бўйича йўл-йўриқ кўрсатиш ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари бўйича тавсиялар беришдан иборат.
Қўмита иштирокчи-давлатлар томонидан номоддий меросни рўйхатга киритиш тўғрисидаги сўровларни, шунингдек, дастурлар ва лойиҳалар бўйича таклифларни кўриб чиқади. Қўмита халқаро ёрдам кўрсатишга ҳам масъулдир. Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмита Конвенцияни амалга оширишга тайёргарлик кўради, асосан, оператив кўрсатмалар тўпламини ва Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш режасини ишлаб чиқиш Конвенциянинг 25-моддасида белгиланган. У ушбу ҳужжатларни Бош Ассамблеяга тасдиқлаш учун тақдим этади.
Ҳозирги кунга қадар ЮНEСКО конвенциясига 180 та давлат аъзо бўлган. Ўзбекистон Республикаси ушбу конвенцияга 2008 йилда қўшилган.
Конвенция доирасидаги ЮНEСКО инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси котибияти томонидан қуйидаги 9 та элемент киритилган ва 2022 – 2023 йиллар учун яна янги 7 та элемент номзоднома ҳужжатлари тайёрланиб, ушбу рўйхатга киритиш учун тақдим этилган, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.