Тадқиқотлар натижасида бир қатор янги археологик ёдгорликлар аниқланди. Жумладан, Ангрен воҳаси Янгиободсой ва Қорабоғсой ирмоқлари юқори оқими ҳудудларида 2 та тош даври устахонаси, 2 та манзилгоҳ, қабр-қўрғонлар комплекси ва қоятош суратлари аниқланди.

Тош даври устахоналаридан чиққан топилмалар ушбу ёдгорликларнинг даврий чегараси ўрта палеолитдан бошланиб то сўнгги палеолитнинг охирларигача давом этганини кўрсатди.

Аниқланган манзилгоҳлардан бири устахона яқинида бўлиб, сўнгги палеолит даврига тегишлидир. Иккинчи манзилгоҳ тош даврининг сўнгги палеолит даври охирида бўлган кўринади. Топилган ёдгорликларнинг даврий санаси ер юзасидаги топилмалар асосида чиқарилган бўлиб, кейинги изланишлар масалага аниқлик киритиши мумкин.

Топилмалар ичида Ўзбекистон палеолитида олдин учрамаган ноёблари ҳам бор. Хусусан, тошдан ясалган тумор биргина Ўзбекистон учун эмас, балки жаҳон палеолитшунослигида ҳам ноёб ҳисобланади.

Аниқланган қоятош суратлари ва қабр-қўрғонлар ушбу ҳудудларни турли тарихий даврларда инсонлар томонидан фаол ўзлаштирилганини кўрсатади.