Ўзбекистонда март ойи ҳароратнинг кескин ўзгариб туриши, бунда ҳавони тез суръатларда исиш даврлари кескин совуқ даврлар билан алмашиниши, баъзида қисқа муддатга ёмғир қорга айланиши ва кечаси ҳарорат совуқ даражасигача пасайиши билан тавсифланади.

Сўнгги 50 йил ичида 1972 йил март ойи энг совуқ бўлган, ҳатто март ойининг учинчи ўн кунлигида ҳам ҳарорат кечалари -10... -15 даража совуққача пасайган.

Сўнгги йиллар Ўзбекистонда март ойида асосан илиқ об-ҳаво кузатилмоқда. 2008, 2016, 2018 йилларнинг март ойлари барча кузатув йиллари учун энг илиқ учликка кирди. Энг иссиқ кунларда ҳарорат +30... +32 даража илиққача, жанубда баъзи жойларда +35... +37 даража илиққача кўтарилди.

Ўзбекистонда март ойи – ёғингарчилик миқдори ва ёғингарчилик кузатилган кунлар сони бўйича йил давомида энг ёғингарчилик кўп бўладиган ой деб ҳисобланади. Шимолий ҳудудларни ва чўл зонасини ҳисобга олмаганда, март ойида ўртача 10 кундан 15 кунгача ёғинли кунлар кузатилади.

Ўтган 2022 йил март ойи ёққан ёғингарчилик миқдори бўйича чемпион бўлди. Мамлакатимизнинг шимоли ва жанубидан ташқари, ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик меъёрдан 2-3 марта, баъзи жойларда 3,5-4,5 марта кўп бўлди.

Марказий ва шарқий вилоятларнинг айрим жойларида ўтган йилнинг март ойидаги ёғингарчилик метеорологик кузатувларнинг барча қатори учун рекорд бўлди. Шундай қилиб, Тошкентда бир ой ичида 188 мм ёғингарчилик бўлди. Бу деярли уч ойлик меъёрни ташкил этади. Бу Тошкентда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун ойлик ёғингарчилик миқдори рекордидир.

Шунингдек ёмғир давомийлиги ҳам аномал бўлди. Ёмғир 5 мартдан 18 мартгача бўлган даврда деярли ҳар куни ёғди, сўнг улар бироз танаффус билан кузатилди.

Баъзида март ойида ёғингарчилик беқарор қор қопламининг шаклланиши билан қор кўринишида ҳам ёғади. Сўнгги 25 йил ичида 1998 йил март ойида энг кўп қор ёққан, бунда Тошкент шаҳрида қор қоплами 9 кун давомида кузатилган, унинг максимал баландлиги 22 см.ни ташкил этди.

Бу йил март ойи жуда илиқ об-ҳаво билан бошланади.

Март ойининг биринчи ўн кунлигида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +17... +22 даража илиққача, айрим кунларда +24...+27 илиққача, жанубда ва чўл ҳудудларда 29 илиққача кўтарилади.

5-6 март кунлари ва ўн кунлик охирида республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ёмғир пайтида кундузги ҳаво ҳарорати бироз пасаяди, бундай ҳолатга қарамай, март ойининг биринчи ўн кунлиги меъёрдан нисбатан илиқроқ бўлади.

Март ойининг иккинчи ва учинчи ўн йилликларида ҳарорат кечалари +7... +12 даража илиқдан 0...+5 даража илиққача (баъзи жойларда -2 даража совуққача бўлиши мумкин), кундуз кунлари +20... +25 даража илиқдан +10... +15 даража илиққача ўзгариб туриши кутилади.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида (ҳар бир ўн кунликда 1-3 кундан) асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин, деб хабар беради Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маркази.