1-2 январда Ўзбекистон бўйича қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 3 январда республика ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келади, республика бўйича ёмғир ёғади, баъзи жойларда қорга айланади. Марказий ва жануби-шарқий ҳудудларда 4 январь куни кечаси ва эрталаб ёғингарчилик бўлиши сақланиб туради.

Кейинчалик биринчи ўн кунлик охиригача республика ҳудуди бўйича ёғингарчилик кузатилиши эҳтимоли кам.

Ҳаво ҳарорати асосан кечалари -2 даража совуқ — +3 даража илиқ атрофида, баъзи жойларда -5 даража совуққача бўлади, кундуз кунлари +8...+13 даража илиқдан 0...+5 даража илиққача ўзгариб туради.

Иккинчи ўн кунликда ҳарорат кечалари +1...+6 даража илиқдан -1...-6 даража совуққача, кундуз кунлари +10...+15 даража илиқдан -2 даража совуқ — +3 даража илиққача ўзгариб туради. Республика шимолида ҳарорат кечалари -3 даража совуқ — +2 даража илиқдан -5...-10 даража совуққача, баъзи жойларда -13...-15 даража совуққача, кундуз кунлари +2...+7 даража илиқдан -3...-8 даража совуққача ўзгариб туради.

Учинчи ўн кунликда совуқ тўлқинлар кириб келиши ҳисобига ҳарорат кечалари -7...-12 даража совуққача, айрим жойларда -15...-17 даража совуққача, кундуз кунлари -3...-8 даража совуққача; республика шимолида кечалари -15...-20 даража совуққача, баъзи жойларда -22...-25 даража совуққача, кундуз кунлари -5...-10 даража совуққача, баъзи жойларда -13...-15 даража совуққача пасайиши мумкин.