Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Тошкентда Уммоннинг “Atyab Foodtech” компанияси бош менежери Мохиб Ахмад Хон билан қиймати 4 миллион доллар бўлган инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича учрашув ўтказди. Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унда мамлакатимизда барпо этилаётган Аграр соҳада билимлар ва инновациялар миллий AKIS маркази республика тармоғи негизида “Агро-озиқ-овқат технологиялари марказлари”ни яратиш масаласи хусусида сўз борди. Лойиҳа 2020 йил 3 ноябрь куни вазирлик ва Уммоннинг мазкур компанияси ўртасида имзоланган Меморандум доирасида амалга оширилмоқда.
Тадбирда таъкидланишича, “Агро-озиқ-овқат технологиялари марказлари”нинг вазифалари қаторига қишлоқ хўжалигига оид озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт қилишда сифат ва хавфсизлик стандартларига амал қилиниши борасида Ўзбекистонда замонавий ускуналар ёрдамида лаборатория тадқиқотларини амалга ошириш кабилар киради. Марказлар бевосита "ISO", "HACCP", "FSSC", "Global GAP", “Ҳалол” халқаро стандартларига мувофиқ сертификатлаш ишларини олиб боради. Шунингдек, маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларида озиқ-овқат хавфсизлиги талаблари ва QHSE стандартларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича маслаҳатлар олиш имконияти пайдо бўлади.
Ушбу марказларнинг халқаро миқёсда аккредитациядан ўтган лабораториялари (ILAC, IAF) қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари гигиенаси ва бошқа бир нечта йўналишлар бўйича ишлайди.
Марказлар негизида АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Туркия, Ҳиндистон, шунингдек Яқин Шарқ мамлакатларидан келган тажрибали мутахассислар жамоаси томонидан тренинглар ўтказилиши, шунингдек агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат саноати соҳасида янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда фермерларга кўмак кўрсатиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, “Atyab Foodtech” “Oman Flour Mills Company” (SAOG) компаниясининг асосий инвестицион бўлими ҳисобланади ва у гигиеник жиҳатдан тоза баланслаштирилган егуликларга эга бўлиш, озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли қайта ишлаш учун янги технологиялар ишлаб чиқиш, халқ истеъмол молларини халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш сингари масалалар борасида кўмак кўрсатади.