Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари иштирокчиларидан бири сифатида 2030 йилга қадар турли йўналишларда ўз олдига аниқ мақсадларни белгилаб олган.

2020 йилда мамлакатимиз БМТнинг юқори даражадаги сиёсий форумида илк маротаба юқоридаги мақсадлар доирасида бажарилган ишлар ва қатор муаммолар киритилган биринчи Ихтиёрий миллий ҳисоботини тақдим қилган эди. Яқинда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан биргаликда Иккинчи Ихтиёрий миллий ҳисоботнинг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилиб, халқ муҳокамасига қўйилди.

Бугун, 15 май куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет ташкилотлари молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув марказида мазкур Ҳисобот лойиҳаси бўйича муҳокама мажлиси ўтказилди.

— Ўзбекистон 2030 йилгача барқарор ривожланиш бўйича кун тартибида қатор мақсадларни белгилаб олган ва бугунга қадар бу йўлда ижобий тенденцияларига эришилди, — дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Макроиқтисодий сиёсат департаменти директори Абдумалик Жалилов. — Жумладан, мактабгача таълим қамрови 2015 йилдаги 21 фоиздан  2022 йилда 70 фоизга етказилди, 2019—2021 йилларда олий таълим муассасалари сони ва қабул квоталари қарийб 2 баробарга оширилди, олий таълим муассасаларда таҳсил олаётган хотин-қизлар сони 2 баробарга етказилди, аҳолини (шу жумладан, кам таъминланган қатламини) шинам уй билан таъминлаш бўйича 300 минг хонадон ва якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.

Ҳисоботда аҳоли фаровонлигини таъминлашни секинлаштирувчи омиллар, макроиқтисодий барқарорликка, мамлакатнинг озиқ-овқат, энергетика, технологик, ахборот ва экологик хавфсизлигини таъминлашга маълум даражада салбий таъсир этувчи ташқи хатарлар ва ички хатарлар ҳам алоҳида қайд этилган. Тадбир давомида мутахассислар лойиҳа бўйича ўз таклифларини билдирди.

— Янгиланган Конституциямизда ижтимоий давлат эканлигимиз таъкидлаб ўтилгани, 58-моддада гендер тенглик алоҳида модда сифатида белгилангани ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларининг 5-мақсади ҳам гендер тенгликни таъминлашга қаратилгани сир эмас, — дейди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, иқтисодиёт фанлари доктори Шаҳло Маҳкамова. — Шундан келиб чиқиб, ўзимнинг бир қатор таклифларимни илгари сурдим. Улардан бири 2 ёшгача болалари бўлган барча қатламдаги аёллар учун ижтимоий нафақа тайинлаш масаласидир. Гап шундаки, ҳозирги вақтда бундай нафақа фақат кам таъминланган оилаларга бир қанча мезонлар асосида бериб келинади. Қолаверса, натура кўринишидаги алоҳида ёрдам турлари ҳам мавжуд. Аммо бу масалада аҳолининг барча қатлами, яъни, ижтимоий аҳволидан қатъий назар барча аёлларга 2 ёшгача бўлган фарзанди учун ижтимоий нафақа тайинланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бу аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бошқа жинс вакилига қарам бўлишдан ҳимоялаш, уй хўжалиги, оилада бажариладиган ҳақ тўланмайдиган ишларни компенсациялаш ҳамда аҳолининг генофондини яхшилашга хизмат қилувчи таклиф, деб ҳисоблайман.