Самарқанд шаҳридан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 1 083 километрида барпо этилаётган янги йўл ўтказгич «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Кўприкқурилишлойиҳа» унитар корхонаси ҳамда Россия Федерациясининг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда тайёрланган лойиҳа асосида барпо қилиняпти.
Лойиҳага кўра, йўл ўтказгичнинг баландлиги 5,5, узунлиги 110, кенглиги эса 28,9 метрни ташкил этиб, иншоотдан икки томонга йўналиш бўйлаб иккита съезд мавжуд. Ушбу йўл ўтказгич фойдаланишга топширилгач бир соатда қарийб 600 га яқин, бир суткада эса 14 мингта автомобилни ўтказиш имконияти яратилади. Амалга оширилаётган лойиҳанинг оралиқ қурилмаси кесимсиз уч оралиқли балка бўлиб, қурилиш баландлиги бўйича ўзгарувчан бўлади. Икки четидаги оралиқ қурилманинг узунлиги 33 метр, ўртадаги оралиқ қурилманинг узунлиги эса 42 метрдан иборат бўлади. Мазкур йўл ўтказгичга жами 6 000 метр куб бетон ётқизиш ишлари мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 3 000 метр куб бетон ётқизилди.
Деформацион чоклар резина-металли қоплама туридан иборат бўлиб, ўтказгичнинг эни ва узунлиги бўйлаб ҳаракатланишига имконият беради ва автомобилларнинг текис ва равон ҳаракатланишига замин яратади. Мутахассисларнинг айтишича, бундай деформацион чоклар биринчи маротаба ишлатиляпти. Монолит оралиқ қурилма ҳам яхлит ҳавозаларда 2 босқичда қурилади. Дастлаб бир йўналишда учта ҳаракат йўли, иккинчи йўналишда худди шунча ҳаракат йўли қурилади. Ушбу йўл ўтказгич қурилишини «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонасининг 200 нафар мутахассиси замонавий техника ва ускуналардан фойдаланган ҳолда сифатли қилиб амалга оширяпти.
Таъкидлаш лозим, корхона мутахассислари сўнгги 5-10 йил давомида фақат пойтахтнинг ўзида кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширган. Хусусан, Ғ.Ғулом ва А.Қодирий кўчалари кесишмасидаги йирик транспорт ечими, Муқимий ва Шота Руставели кўчалари кесишмасидаги ёйсимон шаклидаги йўл ўтказгичи, «Новза» ва «Мирзо Улуғбек» метро бекатлари яқинидаги кўприклари, Оқтепа майдонида йўл-транспорт ечими, Тараққиёт кўчасини кесиб ўтувчи автомобиль ва темир йўл кўприклари, Оҳангарон шоссеси ва Махтумқули кўчаси кесишмасидаги янги уч поғонали йўл ўтказгичи. Илгари мисли кўрилмаган ноёб қурилиш лойиҳаси – Тошкент ер усти ҳалқа метросини қуриш ишларида ҳамда Сергели ер усти метроси айнан ушбу корхона қурувчилари томонидан муваффақиятли амалга ошириляпти.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар мамлакатимизда бунёд этилган йўл ўтказгичлар, кўприклар корхоналаримизда тайёрланган йиғма темир-бетон балкалари билан бунёд этилаётган эди. Ривожланган мамлакатларда монолит усулида қурилаётган бундай иншоотларни ўзимизнинг мутахассисларимиз ҳам эндиликда сифатли ва ишончли бунёд этяпти, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.