2020 йилда коронавирус пандемиясининг ривожланиши кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам барча соҳаларга ўз салбий таъсирини кўрсатди. Бу, айниқса, аҳолининг бандлик даражасидаги кескин ўзгаришларда яққол кўзга ташланди.

Минглаб инсонлар мавжуд иш ўринларини йўқотди. Биргина мисол, пандемия ривожланишигача бўлган давр, яъни ўтган йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда ишсизлик даражаси 9,4 фоизга ўсган бўлса, бу кўрсаткич июнь ойида 13,2 фоизни ташкил қилди.

Шу боис, вужудга келган мураккаб вазиятнинг илк давридаёқ унга қарши чоралар изланди. Пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор ва муносиб иш ўринларини яратишга қаратилган миллий бандлик дастурлари доирасида аниқ вазифалар белгиланиб, уларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар кўлами ортди. Айни вақтда, аҳоли бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширила бошланди. Ўзбекистон Республикаси  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари” мавзусида видеоконференцалоқа шаклида ўтган давра суҳбатида хорижлик экспертлар ана шу масалаларда эришилган ютуқларимизни эътироф этди.

Хусусан, меҳмон иштирокчилар вакилларидан бири — Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори ёрдамчиси Х.Коллер муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу тадбирни ташкил этгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдириб, пандемия барча соҳаларга салбий таъсир кўрсатаётган бир вақтда, меҳнат муносабатларини қўллаб-қувватлаш долзарб эканини таъкидлади. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очиб берган давра суҳбатида Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори раҳбарлигидаги делегация, БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбарлари, бир қатор нуфузли халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги вакиллари ҳамда маҳаллий вазирлик, ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Учрашувда асосий эътибор Ўзбекистонда аҳоли бандлигин таъминлаш, барқарор иш ўринларини ташкил этиш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, мавсумий ишчиларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш, қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш масалаларига қаратилди. Ўз навбатида, Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2020 йилда пахта йиғим-терими мавсуми давомида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижалари муҳокама қилинди.

— Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси, бир қатор кўрсатмалари туфайли мамлакатимизда 2016 йилдан буён мажбурий меҳнатни тўлиқ бартараф қилиш бўйича бир қатор тадбирлар олиб борилмоқда, — деди Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов. — Ўтган йиллар давомида республикамизнинг барча ҳудудларида, аввало, қишлоқ хўжалиги соҳаси, пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймасликка қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинди. Охирги уч йилда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан бир нечта халқаро тузилмаларни жалб қилган ҳолда пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолатлари бўйича “Учинчи томон мониторинги” ўтказилаётган эди. Мониторинг ишлари 2020 йилда ҳам давом эттирилди. Онлайн учрашувда Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбарияти томонидан 17 тадан ортиқ турли халқаро ташкилотлар иштирок этган мониторинг натижалари бўйича хисобот берилди. Жараёнларга бириктирилган  малакали мутахассисларнинг хулосасига кўра, республикамизда болалар меҳнати мутлақо йўқлиги, ўтган йилда тизимли мажбурий меҳнатга ҳам умуман йўл қўйилмагани эътироф этилди.

Буни албатта, юртимизда муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича қўйилган катта қадам сифатида баҳолаш мумкин. Шу билан бирга, бу ўзгаришлар янги иш ўринлари яратиш, диёримизга хорижлик инвесторларнинг кириб келишига замин яратади. Келгусида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга доир режаларимизни амалга оширишга ижобий таъсир кўрсатади.

Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда пахтачилик соҳасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган мониторинг ишларини давом эттириш, 2021 йилдан бошлаб иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида мониторинг ўтказилишини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири