Унда мамлакатимизда соҳани такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда болалар гематологияси ва онкологияси катталар йўналишидан ажратилиб, алоҳида ихтисослаштирилган марказ сифатида ташкил этилди. Натижада ягона болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизмати йўлга қўйилиб, тиббий ёрдам сифати янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда марказ ва ҳудудий бўлимларда 180 дан ортиқ ўринли ихтисослаштирилган хизмат кўрсатилмоқда.
Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Болалар саратонига қарши курашиш бўйича Глобал ташаббусида иштирок этувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Ушбу ташаббус доирасида болаларнинг яшовчанлик даражасини 60 фоизга етказиш мақсад қилинган. 2024 йил апрель ойида имзоланган келишув асосида мамлакатимиз болаларни саратон касаллигидан даволаш учун дори воситалари билан таъминлаш бўйича Глобал платформага қўшилди. Натижада 14 ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2000 нафар бола халқаро стандартларга жавоб берадиган дори воситалари билан таъминланмоқда.
Президентнинг 2024 йил 21 майдаги қарори соҳадаги ислоҳотларни янада кучайтиришга хизмат қилди. Марказ қуввати 200 ўрингача оширилиб, онко-жарроҳлик бўлими ташкил этилди, юқори технологик операциялар амалиётга жорий қилинди. Ҳудудларда филиаллар очилиб, бирламчи ташхис, ҳамроҳлик қилувчи терапия ва паллиатив ёрдам тизими такомиллаштирилди.
Тадбир давомида халқаро экспертлар клиник амалиёт, дори-дармон таъминоти, логистика ва рақамлаштириш жараёнлари билан танишиб, яратилган шарт-шароитларга ижобий баҳо берди.
Шу билан бирга, тадбир доирасида болалар онкологиясига бағишланган таъсирли видеоролик намойиш этилди. Унда оғир хасталикни енгиш йўлида курашаётган болаларнинг орзу-интилишлари акс эттирилди. Улар келажакда турли касб эгалари бўлиш, ота-онасига ёрдам бериш ва жамиятга фойда келтириш истагини билдириб, ҳаётга бўлган ишонч ва умидни намоён этдилар. Видеолавҳа иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Маълум қилинишича, кеча Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва АҚШнинг Сент-Жуд болалар тадқиқот шифохонаси ўртасида болалар онкологик ва гематологик касалликларини даволаш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш, халқаро клиник стандартларни жорий этиш ҳамда паллиатив ёрдамни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Мазкур ҳужжат соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Шу тариқа, болалар онкологияси тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Илғор технологиялар ва замонавий ёндашувларни жорий этиш орқали бемор болаларга кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифати янада оширилмоқда. Бу эса юртимизда ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириши учун мустаҳкам замин яратади.