Бу чоралар 2030 йилгача маҳаллий йўловчи ташишни ривожлантириш стратегияси лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, 2028 йил охиригача «Қўқон — Поп — Наманган — Андижон — Марғилон — Қўқон» ҳалқа йўналишидаги электропоездлар қатнови кунига бир мартадан икки мартага оширилади.

Ушбу чорани амалга ошириш Транспорт вазирлиги, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ зиммасига юкланиши таклиф этилган.

Ҳужжатда бунинг учун қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилмаган.

2028 йил охиригача Поп темирйўл станцияси ва Наманган автовокзали ўртасида мунтазам микроавтобус қатновини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Бу йўловчиларга темирйўл ва автобус транспорти ўртасида қулай алоқа яратиш имконини беради.

Стратегия лойиҳасида яна бир муҳим режа бор: 2027 йил охиригача «Тошкент — Андижон» тезюрар электропоездлар йўналишини Самарқандгача узайтириш.

Натижада «Андижон — Самарқанд» тўғридан-тўғри темирйўл қатновини йўлга қўйиш таклиф этилган.

Бу Фарғона водийсини Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари билан боғлайди.

Темирйўл инфратузилмаси ҳам янгиланади

Лойиҳада 2024–2026 йилларда амалга оширилган ишлар ҳам қайд этилган.

Ушбу даврда учта ЭП3Д тезюрар электропоезди харид қилинган. Улар:

  • «Тошкент — Хўжикент»;
  • «Қўқон — Наманган — Андижон — Қўқон»;
  • «Тошкент — Бекабод» йўналишларида хизмат кўрсатмоқда.

Шунингдек, «Тошкент — Ангрен — Поп» участкасидаги тўртта тортиш подстанциясининг қуввати оширилган.

Давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиниши ва бошқарувга берилиши режалаштирилган объектлар қаторига Қўқон темирйўл вокзали ва Наманган аэропорти ҳам киритилган.