Тадбирда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси экспертлари иштирок этди. Иккала ташкилот ҳам Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлиб, ҳукуматга мамлакат энергетика соҳасини модернизация ва ислоҳ қилишда молиявий ва маслаҳат ёрдамини тақдим этади.
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича Глобал энергетика амалиёти менежери Судешна Гош Банержи хоним Жаҳон банки Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, хусусий инвесторлар ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда электр энергиясининг улгуржи бозорини ривожлантиришда молиявий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиш бўйича аниқ режа ва вазифаларни амалга ошириш учун тизимли ишлар олиб борилишини таъкидлади.
Маълумот учун: Ҳозирда Жаҳон банки кўмагида Ҳукумат энергетика соҳасида умумий қиймати қарийб 1,2 миллиард АҚШ доллари бўлган қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Уларнинг мақсади – электр энергетикаси инфратузилмасини модернизация қилиш, саноат корхоналари ва жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, шаҳарларда янада самарали иситиш ва иссиқ сув хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, хусусий инвесторлар иштирокида қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасини ривожлантиришдан иборат.
Тадбир давомида тингловчиларга Туркия, Арманистон, Лотин Америка давлатлари ва Шарқий Европада электр энергиясининг улгуржи бозорини ривожлантириш бўйича илғор хорижий тажрибалар тақдим этилди. Хусусан, ушбу давлатларда Жаҳон банки гуруҳи энергетика соҳаси ислоҳотларини ишлаб чиқиш ва уни модернизация қилиш учун хусусий инвестицияларни жалб қилишда муҳим рол ўйнагани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистонда электр энергиясининг рақобатбардош бозорига ўтиш бўйича, жумладан, ушбу соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур институционал ва қонунчилик шароитларини яратиш бўйича “йўл харитаси” лойиҳаси тақдим этилди.
Халқаро экспертлар Ўзбекистон шароитида электр энергияси бозори трансформациясини жадаллаштириш, мустақил хусусий операторлар томонидан электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини, шунингдек, энергетика корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва модернизация қилиш зарурлигини таъкидлади. Бутун мамлакат бўйлаб якуний истеъмолчиларни, жумладан, уй хўжаликлари, корхоналар ва хусусий секторни барқарор ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қила оладиган компанияларга айлантириш кераклиги айтиб ўтилди.
Икки томонлама ҳамкорлик юқорида қайд этилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни якунлашга ҳам қаратилади. Унда электр энергетикаси соҳасининг самарали фаолият юритиши учун қонунчилик, институционал ва тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, эскирган инфратузилма объектларини янгилаш ҳисобига электр энергияси йўқотишларини камайтириш, шунингдек, ушбу соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш, Марказий Осиё давлатлари ўртасида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилади.