Юртимизда 2017 йилдан буён БМТ Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамкорлиги, Глобал экологик фонд (ГЭФ) грант кўмагида “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган, яхшиланган ва қулай яшаш шароитлари билан таъминлашдан иборат. Бунинг учун 136,6 миллион доллар маблағ ажратилган.
Лойиҳа ишга туширилгандан буён катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Президентнинг 2018 йил 24 ноябрдаги ПҚ-4028-сон Қарори асосида энергия тежамкор (ЭТ) ва кам углеродли (КУ) қишлоқ уй-жойларига талабни ошириш мақсадида субсидияли яшил ипотека кредитлаш схемаси ишлаб чиқилди. Ўзбекистоннинг бешта вилоятида бир ва кўп қаватли ЭТ ва КУ арзон қишлоқ уйлари қурилди. Шунингдек, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида нолга яқин энергия сарфлайдиган намунавий кўргазмали уй қурилиши ҳам бошлаб юборилди.
Лойиҳанинг иккинчи компоненти доирасида 2021 йил 9 декабр куни “Ўзбекистонда энергия тежамкор материаллар ва технологиялар: мамлакатда яшил қурилишни ривожлантириш учун мавжуд бозорни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида бир кунлик бизнес-форум бўлиб ўтди. Форумда асосий маҳаллий ҳамкор ташкилотлар қаторида халқаро молия институтлари — Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банк ва Kreditanstalt für Wiederaufbau банклари вакиллари ҳам иштирок этишди.
Бизнес-форум лойиҳа натижалари ва унинг истиқболдаги режаларини тақдим этишдан ташқари, янги ёндашув ва ечимларни баҳолаш, энергия самарадорлиги бўйича материаллар ва технологиялар маълумотлар базасини янгилаш, қурилиш материаллари соҳасидаги инновациялар билан танишиш, турли ишлаб чиқариш компаниялари вакиллари ва энергия тежовчи материаллар ва технологияларни етказиб берувчилар ўртасида билим ва тажриба алмашиш имконини берди.
— Инсоният фойдаланаётган табиий энергия ресурслари аста-секин тугамоқда, бирламчи ёқилғи-энергетика ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш харажатлари ошиб, улардан оқилона фойдаланмаслик атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда, — дейди лойиҳа раҳбари Тимур Ибрагимов. — Қурилишда инновацион ёндашувлар орқали ресурслардан самарали фойдаланиш бу муаммонинг ечими сифатида ҳозирда Ўзбекистонда устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Ушбу лойиҳа бинолар конструксяларининг иссиқлик кўрсаткичларини яхшилаш, шунингдек, энергия тежамкор ва кам углеродли техник ечимларни жорий этиш орқали турар-жой секторида энергия сарфини камайтиришга қаратилган. Бундай чора-тадбирлар табиий ва молиявий ресурсларни тежаш, атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш имконини беради.
Тақдимотлар ва давра суҳбатлари бозорни ривожлантириш ва технологиялар ва материалларни ЭТ ва КУ етказиб бериш занжирини такомиллаштириш, энергия тежамкор дизайн, Ўзбекистонда уй-жой қурилишида энергия тежамкор ва кам углеродли технологиялар ва материалларни жорий этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш масалаларини қамраб олди.
Бизнес-форум доирасида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг энергия тежамкор материаллари ва технологияларининг ихтисослаштирилган кўргазмаси ҳам ташкил этилди.