Ҳаётимизда электрон қурилмаларнинг аҳамияти ортгани сари, электр энергиясидан фойдаланиш ҳажми ҳам ошиб боряпти. Хонадонларда узлуксиз ишлаб турадиган техника воситалари сабаб электр ҳисоблагичлар тинимсиз айланади. Ўтган йили Энергетика вазирлиги эълон қилган қиёсий инфографикада келтирилишича, агар жаҳонда умумий энергия истеъмолининг ўртача 23 фоизи турар жойлар ҳиссасига тўғри келса, бу кўрсаткич Ўзбекистонда 40 фоиздан юқори.
Хусусан, дунёда 1 квадрат метр майдон учун энергия сарфи йилига 120—150 кВт/соатни ташкил этаётган бир вақтда, юртимизда шунча ҳажмдаги майдон учун 390 кВт/соат энергия сарфланади. Мутахассисларнинг фикрича, келгуси 10 йилда мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларида электр энергиясига бўлган талаб икки баробар кўпаяди. Шу боис, айни кез нафақат электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки барча соҳаларда энергиятежамкор воситалар ҳамда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга киришилган.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар орасида БМТ Тараққиёт Дастури, Глобал экологик фонд (GEF) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамкорлигидаги “Ўзбекистонда энергиясамарадор қишлоқ турар жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга. 2017 йилда бошланган лойиҳа мақсади қишлоқ жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, аҳолини атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган, қулай яшаш шароитларига эга, энг муҳими, камхарж уй-жой билан таъминлашга қаратилган.
Бугунга қадар республикада давлат дастури доирасида 20 мингга яқин бир ва кўп қаватли энергиятежамкор арзон қишлоқ уйлари қурилди. Лойиҳа доирасида 2019 йили қишлоқ жойларда қурилган бир қаватли алоҳида хонадонларнинг 800 тасига ҳар бири 300 Вт қувватга эга, 2020 йилда 4 қаватли турар жой биноларининг 528 хонадонига ҳар бири 600 Вт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Ушбу қурилмалар уйларни энг асосий эҳтиёжлари бўлган ёритиш чироқлари, қувватлаш мосламалари, телевизор ва музлатгич ишлаши учун зарур электр энергияси билан таъминлайди. 2021 йилда эса Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида деярли энергия сарфламайдиган намунавий уй қурилиши ишлари бошланди.
— Инсоният фойдаланаётган табиий энергия ресурслари аста-секин тугаб боряпти, бирламчи ёқилғи-энергетика ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш харажатлари ошиб, улардан оқилона фойдаланмаслик атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда, — дейди лойиҳа раҳбари Тимур Ибрагимов. — Ҳозир Ўзбекистонда бу муаммонинг ечими сифатида қурилишда инновацион ёндашувлар асосида ресурслардан самарали фойдаланиш устувор йўналишлардан бирига айланган. Бизнинг лойиҳамиз айни шу жиҳатларни назарда тутади. Унда бинолар конструкцияларининг иссиқлик кўрсаткичларини яхшилаш, энергиятежамкор ва кам углеродли техник ечимларни жорий этиш орқали турар жой секторида энергия сарфини камайтириш кўзда тутилган. Бу табиий ва молиявий ресурсларни тежаш, атмосферага шундоқ ҳам ортиқча миқдорда тарқалаётган иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш имконини беради.
Энергия сарфи 2,5 баробар камроқ
Энергиятежамкор уйлар фақатгина қуёш панеллари билангина одатий турар жойлардан фарқланмайди. Тўғри, ташки кўриниши жиҳатидан уларни стандарт хонадонлардан ажратиш қийин. Аммо бундай уйларнинг лойиҳалаш тамойили тўлиқ энергия сарфини минималлаштиришга асосланган. Бу кўпроқ қурилиш жараёнида кўринади. Бинони кўтаришда бошидан охиригача иссиқлик энергиясини тежовчи ва қайта тикланадиган энергия манбалари технологияларидан фойдаланилади. Масалан, уйнинг ташқи деворлари базальт тола асосидаги ҳамда минерал жун кўринишидаги иссиқлик изоляциялаш материаллари билан қопланса, полга пенополистирол, пеноплекс каби замонавий қурилиш материаллари ётқизилади. Уйнинг ички қисми ҳам энергиясамарадор дераза ромлари, ёритиш лампалари, иссиқлик насоси ва рекуператорлар билан жиҳозланади. Қарабсизки, бинонинг мустаҳкам изоляцияланган ташқи конструкцияси қишда иссиқ, ёзда эса ёқимли салқинликни сақлаш баробарида, электр энергияси сарфини сезиларли даражада тежайди. Лойиҳа доирасида ўтказилган энерго-аудит ҳисоботига кўра, энергия самарадорлиги оширилган уйлардаги йиллик энергия сарфи оддий уйларга қараганда қарийб 2,5 баробар камроқ экан.
Битта хонадон қурилиши мисолида кўрамизки, уйнинг битиши учун анчагина энергиятежамкор қурилиш материаллари талаб этилади. Бундай маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги нархи арзон турмаслиги аён. Шу ўринда савол туғилади, хўш, уларнинг қанча қисми ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда?
— Ҳозирги кунда Ўзбекистон қурилиш бозорида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган барча ҳилдаги энергосамарадор материал ва технологияларни топиш мумкин, — дейди Тимур Ибрагимов. — Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “2019 — 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида иқтисодиётнинг барча соҳаларида, жумладан, энергиятежамкор қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда базальт қопламаси, минерал толали қопламалар, автоклав усулидаги газобетон, энерготежамкор дераза ромлари ва ёритиш ускуналари ишлаб чиқариш заводлари ташкил қилинган. Бундан ташқари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан электроэнергия ишлаб чиқарадиган асбоб-ускуналар (қуёш панеллари, гелиоколлекторлар) заводлари ҳам мавжуд.
“Уйимизда сира чироқ ўчмайди”
Энергиятежамкор хонадонда яшаш мазза-да. Асосий эҳтиёжлар учун зарур қурилмалар қуёш панеллари қуввати билан ишлайди. Иссиқликни таъминлаб берувчи замонавий қурилиш материаллари эса газ сарфини камайтиради. Фойдаланиш жараёнида газ ва электр энергияси учун тўловларнинг тежалиши оила бюджетига салмоқли ҳисса қўшади.
Бугунги кунда кўплаб оилалар энергиятежамкор кўп қаватли уйларга кўчиб ўтган. Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги ана шундай хонадонлардан бирининг эгаси Феруза Шокирова “тежамкор” уйда яшаш тажрибаси ҳақида сўзлаб берди: “Уй ҳам, хонадонимиз ҳам қулай ва тежамкор. Хоналарни ёритиш, телевизор томоша қилиш ва шахсий қурилмаларни қувватлантиришда қуёш панеллари энергиясидан фойдаланамиз. Бу йил газ ва электр тўловларини анча тежаб қолдик. Энг асосийси, уйимизда сира чироқ ўчмайди. Хоналар ичидаги ҳарорат ҳам осон тартибга солинади. Барча фаслда ёқимли ҳарорат сақланади”.
— Қуёш батареяларини ўрнатиш уй-жой шароитини яхшилашнинг ажойиб ечимидир, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё вилоятида қурилган энергиятежамкор ва кам углеродли уйлардан бирида яшовчи Зафаржон Отамуратов. — Электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ муаммоларимиз йўқ. Оиламизнинг барча аъзолари бундан жуда мамнун.
Ҳозирда ана шундай уйларда яшашни истаган, аммо имконияти етмайдиган инсонлар учун мақбул ечимларни тақдим этиш ишлари ҳам олиб бориляпти. Юртимизда энергиятежамкор ва кам углеродли қишлоқ уй-жойларига талабни ошириш мақсадида субсидияли яшил ипотека кредитлаш схемаси ишлаб чиқилди. Ҳудудларда ана шундай кўп қаватли хонадонларни кам таъминланган оилалар ҳамда имконияти чекланган фуқароларга имтиёзли кредит асосида 20 йил муддатга бериш бошлаб юборилди. Хайрли ташаббус ортидан Бухоро вилояти Пешку тумани “Навбаҳор” МФЙ ҳудудидаги энергиятежамкор хонадонлар секин-аста янги оилалар билан гавжумлашиб боряпти.
— Қизим Раъно билан шундай уйдан имтиёзли квартира сотиб олганимиздан хурсандмиз, — дейди маҳалладаги 22-уйда яшовчи Раҳима Салимова. — Хонадон кредитга берилгани жуда яхши бўлди. Ўзимиз пул тўплаб, сотиб олишга қийналган бўлардик. Қувонарлиси, бу уйда яшаш ҳам анча арзонга тушаркан. Кундалик эҳтиёжларимиз учун қуёш панелларидаги электр энергиясидан фойдаланяпмиз. Маиший техника воситалари ҳам ҳеч қандай муаммоларсиз ушбу энергия орқали ишлаяпти. Бу бизнинг оилавий бюджетимиз учун катта тежамкорликдир.
Ўзбекистондаги биринчи кўргазмали иншоот
Энергиятежамкор турар жойларнинг электр энергияси сарфини камайтириш баробарида, экология ва атроф-муҳитни яхшилашдаги ўрни ҳам катта. Уларнинг кам углеродли экани атмосферага тарқаладиган иссиқхона газлари (CO2) чиқиндиларини камайтиришга хизмат қилади.
Айни пайтда заҳарли газлар таъсирида юзага келаётган иқлим ўзгаришлари жаҳонда глобал муаммолардан бири. Бунда турар жой биноларининг ҳам сезиларли “ҳиссаси” бор. Маълумотларга кўра, биноларни қуриш жараёнидан бошлаб, уларни иситиш ва совутишга кетадиган энергияни ишлаб чиқаришда асосан қазиб олинадиган ёқилғи ресурслари (кўмир, табиий газ, нефть)ни ёқиш оқибатида атроф-муҳитга кўп миқдорда иссиқхона газлари тарқалади. Энергиятежамкор уйларда эса қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилилади. Қарабсизки, атмосферага карбонад ангидирид гази чиқиши сезиларли даражада камаяди.
— Иқлим ўзгариши буйича Париж Битимини қабул қилган хар бир давлат ўзининг ривожланиш жараёнида иссиқхона газларини камайтириш буйича мажбуриятларни олган, — дейди Тимур Ибрагимов. — Ҳозирда 194 та мамлакатда қабул қилинган бу битим Ўзбекистон Республикаси томонидан 2018 йил 9 ноябрда ратификация қилинган. Мазкур битимдан келиб чиқиб, юртимиз 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йилги даражадан 35 фоизга камайтиришни мақсад қилган. Қонунчиликдаги ўзгаришлардан ташқари, бир қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини “яшил” иқтисодиётга ўтишида қўллаб-қувватламоқда.
2021 йилда Шотландиянинг Глазго шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси ҳукуматлар томонидан иссиқхона чиқиндиларини камайтириш ва глобал ҳароратни 1,5 даражага туширишга доир шошилинч чоралар кўриш муҳимлигини яна бир карра эслатди.
Ўтган йил 9 декабрь куни юртимизда яшил қурилишни ривожлантириш бўйича ўтказилган бир кунлик бизнес форумда эса БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондага доимий вакили Дойна Мунтяну бу масала тобора долзарб бўлиб бораётганига тўхталди. Мутахассис бугун атроф-муҳитга чиқаётган иссиқхона газларининг деярли 30 фоизи қурилиш сектори ҳиссасига тўғри келаётган бир вақтда, Ўзбекистонда қурилаётган биноларнинг энергиясамарадорлигини таъминлаш орқали заҳарли газлар чиқиндиларини камайтиришнинг улкан салоҳияти мавжудлигини таъкидлади.
Энергиятежамкор ва кам углеродли уйлар қўшма лойиҳаси ана шу ишларнинг бир қисми бўлиб хизмат қилмоқда. Айни вақтда Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги “Ёшлик” МФЙда нолга яқин энергия сарфлайдиган намунавий уй қурилиши жадал давом этмоқда. Меъморий жихатдан уй икки қаватли бўлиб, умумий майдони 164,16 квадрат метрни ташкил этади. Деярли энергия сарфламайдиган бино Ўзбекистондаги биринчи кўргазмали иншоот экани айтилмоқда.
— Уйнинг қурилиши 2021 йилнинг июль ойида бошланган бўлса, 2022 йил апрелида якунланиши ва фойдаланишга топширилиши белгиланган, — дейди Тимур Ибрагимов. — Унинг ўзига ҳослиги шундаки, қурилиш конструкцияси юқори энергия самарадорлигини таъминлайдиган меъморий ва режалаштириш ечимларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Бино қобиғининг (тўсувчи конструкциялари) иссиқлик изолацияси юқори қаршиликка эга бўлган изоляцион материаллар ёрдамида таъминланади. Масалан, ташқи деворлар учун 100 миллиметр қалинликдаги тош толали плиталар, шамол ва гидропротектив мембрана, шамол тўсиғи ва фиброцемент плиталар ишлатилади. Пол қисмига 75 миллиметр қалинликдаги пенполистирол ва 5 миллиметрлик гидростеклоизол, том қисми изоляцияси учун эса 3 миллиметрлик гидрофол ва 150 миллиметр қалинликдаги минерал вата ётқизилади. Мазкур уй учун электр энергиясининг асосий манбаи — том қисмига ўрнатиладиган 15 кВт қувватга эга қуёш панеллари хисобланади. У уйнинг барча эҳтиёжлари, жумладан, иситиш ва совутиш (кондиционер) мосламаларини электр энергияси билан таъминлайди. Қиш ойлари ёки булутли кунларда қуёш панеллари томонидан энергия етарли даражада ишлаб чиқарилмаганда захира қувват манбаи сифатида шаҳар электр тармоғидан қувват берилади.
Қўшма лойиҳа 2023 йил якунига қадар давом этиши режалаштирилган. Бу вақтга қадар ташаббускорлар қишлоқ жойларда энергиятежамкор арзон уйлар қуришда давом этади. Хусусан, жорий йилда Президент Фармони асосида ҳудудларда қад ростлайдиган “Янги Ўзбекистон” массивларида қуриладиган уйларнинг бир нечтаси танлаб олиниб, уларнинг иссиқлик химоясини учинчи даражага кўтаришни молиялаштириш режалаштирилган.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири