Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан амалга оширилиши бошланган (ФАО) “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” янги лойиҳасининг Мувофиқлаштирувчи қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди.

Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштириладиган ушбу лойиҳа Ўзбекистонда ер ва ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш ва ландшафтларни тиклаш бўйича илғор тажрибаларни жорий этади. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Табиий ресурслар вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги лойиҳанинг миллий ҳамкорлари ҳисобланадилар.

Лойиҳа республикада чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш учун 2024—2028 йилларга мўлжалланган Йўл харитасини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайди. ФАОнинг ушбу лойиҳаси ҳосилдорликни ошириш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш учун ер ва ўрмон ресурсларини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий этади, бу эса ер деградациясининг нейтрал мувозанатини сақлашга имкон беради.

Чўлланишга қарши кураш чораларини талаб қиладиган Ўзбекистон ҳудуди 20 миллион гектардан ошади. Бутун мамлакат бўйлаб ерларнинг деградацияси кузатилмоқда, аммо Бухоро ва Навоий вилоятларининг туманлари ҳамда Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳавзаларининг пасттекисликлари бу жараёнлардан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар ҳисобланади.

— Лойиҳа 5 йил ичида амалга оширилади, — деди лойиҳа бош техник маслаҳатчиси Наримон Нишонов. — Бухоро вилоятининг Жондор ва Навоий вилоятининг Нурота туманлари ландшафтлари лойиҳа ҳудуди сифатида танлаб олинган бўлиб, бу ҳудудларда ердан фойдаланишнинг комплекс режаларини жорий этиш, фермерларнинг салоҳияти, билим ва кўникмаларини ошириш, ердан фойдаланишни мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу билан бирга, яйловлардан фойдаланиш шароитларини яхшилашда гендер мувозанатини сақлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, биз ер деградациясининг нейтрал мувозанатига эришиш учун соҳада ресурсларни сафарбар қилишга кўмаклашамиз.