Қишлоқ хўжалигида Миллий билим ва инновациялар маркази AKISда ФАОнинг Ўзбекистон ва Вьетнамда Корея Республикасининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган умумий бюджети 3,4 млн долларлик “Келажак авлод учун ақлли фермерлик” 4 йиллик лойиҳасининг расман ишга тушишини англатувчи бошланғич семинар бўлиб ўтди. Тадбирда ФАО экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги хамда  Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги хузуридари Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги вакиллари қатнашди. Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидан соҳа вакиллари ҳам онлайн тарзда иштирок этди.

Тадбирда илғор технологияларнинг қишлоқ хўжалиги, айниқса, иссиқхоналарда маҳсулдорликни ошириш, иқлим назоратини такомиллаштирилиш, тупроқ ва сув заҳираларини бошқариш, шунингдек, зараркунандаларга қарши курашга ёрдам берган ҳолда кенг миқёсда қўлланилаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Смарт (ақлли) технологияларнинг қўлланилиши юқори озуқавий қийматли турли хил қишлоқ хўжалик маҳсулотларини  йил давомида етиштириш имконини беради.  Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши иссиқхоналар соҳасидаги миллий салоҳиятни ошириш, йиғим-теримдан кейинги ишлов бериш жараёнини такомиллаштириш ва озуқа маҳсулотлари хавфсизлигини бошқаришга ҳам ёрдам беради.

— Лойиҳанинг амалга оширилиши даромадларни кўпайтириш, бандликни таъминлаш ва овқат рационини яхшилаш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг яшаш даражасини оширишга қаратилган. Бунда, истеъмолчилар йил давомида хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш имконига эга бўладилар. Буларнинг барчаси Барқарор Ривожланиш Мақсадларига ва айниқса, камбағалликни тугатиш, барча учун соғлик ва фаровонликни таъминлашга эришиш имконини беради, — деди ФАО нинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалик вазирлиги, минтақавий ташкилотлар ва илмий-тадқиқот институтлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Ўзбекистонда агробизнес салоҳиятларни ошириш, имкониятларини ривожлантириш ва техник кўмак олиш мақсадида учта намойиш участкаси барпо этилади.

Семинарда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги вакиллари Ўзбекистондаги иссиқхоналар соҳасидаги тамойиллар ва мавжуд ҳолатнинг шарҳини тақдим этди. Тақдимотдан сўнг семинар қатнашчилари смарт (ақлли) технологияларни жорий қилиш ва уларнинг устунликларини муҳокама қилдилар.