«Peking Express»15 йилдан ортиқ вақтдан буён Франция экранларида намойиш этилади ва миллионлаб томошабинларнинг севимли кўрсатуви ҳисобланади. Испания, Италия, Нидерландия, Бельгия, Венгрия ва бошқа кўплаб мамлакатларда ушбу шоунинг версиялари мавжуд.
Реалити-шоу иштирокчилари пульсиз, фақат маҳаллий халқнинг меҳмондўстлиги эвазига бир нуқтадан иккинчисига автостоп билан ким биринчи етиб бориш бўйича ўзаро беллашади. Улар муайян мамлакатнинг маданияти билан чуқурроқ танишиш ва ўзларини синаш мақсадида йўл-йўлакай турли ўйинларда иштирок этади.
Шоу иштирокчилари Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюриши, бунга қадар Марказий Осиё бирор марта бу дастурда намойиш қилинган эмас. Туризм ва спорт вазирлиги вакиллари бошқа қатор идоралар билан ҳамкорликда 120 кишини қамраб олган мураккаб съёмкаларнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлади.
«Таъкидлаш жоизки, бундай лойиҳалар давлат томонидан молиялаштиришни талаб этмайди – хорижий телекомпаниялар барча харажатларни ўзига олади, Ўзбекистон томон эса бепул тарғиботга эга бўлади. Бундан ташқари, шоуни ишлаб чиқариш жараёнида туризм секторининг кўплаб тадбиркорлари – меҳмонхоналар, транспорт компаниялари, гидлар ва ҳунармандлар ўз хизматларини тақдим этиш имконига эга бўлади. Шу боис биз Ўзбекистонда «телевизион туризм»ни ривожлантиришга максимал даражада кўмак беришга ҳаракат қиламиз», - деди Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.
Маҳаллий продюсер Никита Макаренконинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа устида ишлаш учун 25 киши Ўзбекистон учун ноёб ҳисобланган Реалити-шоу ишлаб чиқариш бўйича ассистент касбига ўргатилган.
«Энди бизда мамлакат ҳудудида мураккаб лойиҳаларда қатнаша олувчи бутун бир жамоамиз бор. Тобора кўпроқ хорижий компаниялар тасвирга олиш ишлари учун бизнинг юртимизни танлаяпти. Бу, энг аввало, бугунги кунда Ўзбекистон бу каби лойиҳаларга очиқ эканлиги ва давлат органлари томонидан уларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани натижасидир», — дейди у.
Юртимиз аҳолиси ва меҳмонлари икки ҳафта давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида «Peking Express»нинг қизил байроқларини кўрган бўлишлари мумкин, зеро улар Наманган, Қўқон, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Урганчда, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасида тасвирга олиш ишларини амалга оширди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Шоу премьераси 2022 йилнинг баҳорида Франция телевидениесида бўлиб ўтади.