Бош қомусимизнинг 22-моддасида мустаҳкамланган “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди” деган норма ҳаётда қай даражада ўз аксини топаётганига бир қатор ҳаётий мисоллар ёрдамида барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.

Биринчидан, пандемия шароитида хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари давлат ҳисобидан чартер рейслар орқали ватанга қайтарилди. Аҳоли соғлиғини сақлаш, ишсиз қолган фуқаролар, тадбиркорларга биринчи даражали ёрдам бериш мақсадида 10 триллион сўм фондга эга бўлган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Шу йил давомида ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва бандликни оширишга 2,6 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан 5 марта ўтказилган “Меҳр операцияси” доирасида Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга жами 531 нафар ватандошимиз қайтарилди. Ўзга юртга бориб, оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Ушбу амалий ишлар Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида эканидан далолат беради.

Учинчидан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ғоялари асосида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган ислоҳотлар узоқ йиллар давомида Ўзбекистон фуқароси бўлиш орзусида юрган кўплаб ватандошларимизни кўнглини тоғдек кўтарди.

Рақамларга эътибор қаратсак, 1991 йилдан 2016 йил декабргача 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2016 йил декабрдан 2020 йилгача бўлган муддатда бундай шахслар 16 минг нафарни ташкил этди. Бундан ташқари, 2020 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга биноан 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда яшаб келган 50 минг фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинди. 2021 йил 14 июнда Президентимиз томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс мақомидаги қарийб 20 минг ватандошимиз ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаро деган шарафли номга эга бўлди.

Мазкур ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги институтининг конституциявий-ҳуқуқий асослари янада такомиллашувига хизмат қилди. Бундай муҳим қадамлар БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига Ўзбекистоннинг муносиб амалий жавобидир.

Тўртинчидан, қонун билан хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойда кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Натижада чет элда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг президентлик сайловида қатнашиши учун 49 та давлатда 54 та стационар ва 316 та кўчма сайлов пункти ташкил этилди.

Дипломатик ваколатхоналар томонидан чет элдаги 151 ўзбек диаспорал ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатилди. Бундан ташқари, вазирлик таклифи асосида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хориждаги 34 та ўзбек диаспораси билан чет давлатларда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг бандлигини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик келишувлари имзоланди.

Бешинчидан, Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни қуришда барча ватандошларимизни сафарбар этиш, уларнинг салоҳиятини Ватанимиз тараққиётига йўналтириш, уларни амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга жалб қилиш ишлари бошланди. Илгари хорижда фаолият юритаётган, қанчалик профессионал, тажрибали бўлмасин, ўша ватандошимизда қандайдир ишончсизлик кайфияти бўлар эди. Мана бугун кўряпмизки, хорижда фаолият олиб бораётган кўплаб ватандошларимиз ижобий ўзгаришларга ўзларининг ҳиссасини қўшмоқда.

Бир неча йиллар олдин бирор-бир оғир шароитга тушиб қолган мигрантнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида ҳам, уни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам на ваколатхоналаримизнинг ва на бошқа давлат идораларининг ҳаракати сезиларди. Ҳозир  Ўзбекистондан ташқарида фаолият олиб бораётган барча мигрантларга ҳуқуқий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор дастурлар эълон қилинган.

Юртимизда “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш учун конституциявий ислоҳотларни амалга оширишни ҳаётнинг ўзи, ислоҳотлар мантиғи талаб этмоқда. Бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган ислоҳотлар ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратишга қодир бўлиши лозим.

Даврон МАМАСОБИРОВ,

Тошкент давлат юридик университети

факультети декани ўринбосари