Семинар давомида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда «PeaceNexus» (Швейцария)нинг Марказий Осиёдаги фонди ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида ўтказилган «Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва муаммолари» таҳлилий тадқиқотининг муҳим натижалари тақдимот қилинди.

Таъкидландики, фуқаролик жамияти институтларининг ролини англаган ҳолда, Ўзбекистонда уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари мақсадга мувофиқ равишда жорий этилмоқда. Уларнинг имкониятлари ҳам кенгаймоқда. ННТ соҳасидаги қонунчиликни сезиларли даражада либераллаштириш бошланди. Жамоат ташкилотлари фаолиятини чекловчи мавжуд тўсиқлар олиб ташланмоқда. Шу жумладан, 70 дан ортиқ давлат идоралари ва муассасаларида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди. Сўнгги 3 йил ичида фуқаролик жамияти институтларига ажратилган субсидиялар ва грантлар ҳажми 2 бараварга ошди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан хорижий грантларни олиш ва улардан фойдаланишдаги чекловлар бартараф этилмоқда. Бу каби ўзгаришлар давом этмоқда ва шу билан бирга, ҳали қилинадиган ишлар ҳам кўп.

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиш динамикасини ўрганиш ҳамда миллий ва халқаро шериклар билан ҳамкорлик қилиш орқали ушбу жараённи янада кучайтириш йўлларини аниқлаш учун «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «PeaceNexus»нинг Марказий Осиёдаги фонди билан ҳамкорликда жойларда тадқиқот ўтказди. Тадқиқот 4 босқичда бўлди, у ўзи ичига маълумотлар шарҳини, услубий семинарларни, жойларда асосий гуруҳлар билан муҳокамаларни ва тафсилотли интервьюларни қамраб олди.

Маълумотлар тўғрилиги ва шаффофлигини таъминлаш учун миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Тўпланган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ННТларнинг икки тури мавжуд: уларнинг 65 фоизи «гонго» (давлат ташаббуси билан ташкил қилинган), 35 фоизи маҳаллий/ўз ташаббуси билан ташкил қилинган. Тадқиқотга ҳар икки турдаги ННТларнинг 338 таси республикамизнинг барча - 14 та ҳудудий бўлинмаларидан қамраб олинди.

Маълумотларни тўплаш икки босқичда амалга оширилди: биринчиси – «гонго» ва ўз ташаббуси билан ташкил этилган ННТлар билан алоҳида гуруҳларда муҳокама қилиш; иккинчиси - тадқиқот саволларини батафсилроқ очиб бериш учун ННТлардан танланган мутахассислар билан тафсилотли интервьюлар ўтказиш.

Тадқиқот натижаларига кўра, фуқаролик жамияти институтлари учун тавсиялар шакллантирилди. Улар қаторига бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва ёш авлодни ННТ соҳасига жалб қилиш учун ўзаро кўмаклашиш дастурларини яратиш, ҳудудлардаги ННТларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш учун миллий ёки қўшма дастурларга жалб қилиш ва бошқалар киради. Бундан ташқари, ҳудудлардаги, айниқса чекка ҳудудлардаги ННТларни қўллаб-қувватлаш ва жойларда аҳолининг заиф қатламлари билан ишлаш, ННТлар ва уларнинг фаолияти учун интерактив майдон яратиш муҳимлиги қайд этилди. Махсус ўқув курслари орқали ННТ ходимларининг салоҳиятини, малакасини ошириш ҳам асосий йўналиш экани таъкидланди.

Таҳлилий тадқиқотнинг асосий натижалари тақдимоти ва муҳокамасидан сўнг, иштирокчилар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирди, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.