Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, ИИВ, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида 806 та тунги рейд ва 2876 та тинтув ўтказилган.
Тадбирлар давомида 116 та товламачилик, 315 та қурол-яроғни ноқонуний сақлаш, 86 та қиморхона ташкил этиш, 40 та одам савдоси ҳамда 790 та фоҳишахона сақлаш ва ОИВ инфекциясини тарқатиш билан боғлиқ жиноят ҳолатлари фош этилди. Шунингдек, қидирувда бўлган 533 нафар шахс қўлга олинган.
Январь–февраль ойларида жами 3150 та жиноят иши қўзғатилиб, 2934 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 980 нафар шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Қурол билан боғлиқ 315 та иш доирасида жами 4570 та совуқ қурол мусодара қилинган. Улар орасида 50 та бита, 72 та кастет, 4004 та ўткир тиғли жисм ва 444 та бошқа турдаги қуроллар бор.
Бундан ташқари, далилий ашё сифатида 5814 дона ўқ-дори ҳамда 3 килограмм 715 грамм портловчи моддалар олиб қўйилган.
ИИВ маълумотига кўра, ижтимоий тармоқларда криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи, ёшлар ва аҳоли орасида бузғунчи ҳамда жиноят олами ғояларини тарғиб қилувчи 47 та аккаунт блокланган.
Қайд этилишича, жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш ва жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қатъий чоралар кўрилмоқда.