Лойиҳа экологик тоза, самарали ва интеллектуал юк ташиш тизимига йўл очмоқда.
Ўзбекистонда илк бор контрейлер ташиш — автотранспорт воситаларини темир йўл платформаларида ташиш бўйича амалиёт синови муваффақиятли ўтказилди.
Мазкур лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Тошкент давлат транспорт университети олимлари ҳамкорлигида амалга оширилди. Синов доирасида Тошкент шаҳри ичидаги юк оқими таҳлил қилинди ва бу шаҳар ичида, шунингдек минтақавий даражада янги мультимодал логистика ечимларини жорий этиш имконини яратмоқда. Ташиш жараёнида янгича мустаҳкамлаш қурилмаси қўлланилди — у автотранспортни темир йўл платформасига тез ва хавфсиз жойлаштиришга ҳамда ташишдаги ишончлиликни таъминлашга хизмат қилади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилган бўлиб, миллий транспорт тизимида экологик тоза ва замонавий технологияларни жорий этиш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Лойиҳадан кутилган самаралар қуйидагилар:
Автомобил йўлларида тирбандликни камайтириш
Атмосферага чиқариладиган СО₂ миқдорини қисқартириш
Ёқилғи ва эксплуатация харажатларини тежаш
Логистика самарадорлигини ошириш
Бу тажриба Ўзбекистонда “яшил” транспорт концепциясини ҳаётга тадбиқ этиш, интеллектуал ва барқарор юк ташиш инфратузилмасини ривожлантириш сари ташланган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.