Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Агентлик томонидан ишлаб чиқилаётган мазкур лойиҳа мамлакатдаги барча илмий-тадқиқот инфратузилмалари ҳақидаги маълумотларни ягона марказлашган ахборот ресурси сифатида жамлаш имконини беради. Бу эса илмий инфратузилмаларни самарали бошқаришга хизмат қилади.
Шунингдек, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларда лабораториялардан фойдаланиш самарадорлиги сунъий интеллект технологиялари орқали таҳлил қилинади, прогнозланади ва оптималлаштирилади. Натижада вақт ҳамда ресурслар тежалишига эришилади.
Мутахассислар фикрига кўра, платформа илмий изланишлар сифатини ошириш, такрорий харажатларни камайтириш ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларида жойлашган лабораториялар имкониятларидан тўлиқ ва мақсадли фойдаланишга хизмат қилади. Шу билан бирга, соҳада очиқлик, шаффофлик ва ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланади.
"Сунъий интеллект технологиялари асосида илм-фаннинг рақамли келажагини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланаётган платформа жорий йил декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган", — дейилади хабарда.