Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин Политехника Университети талабалари ҳамкорликда NovAssistant универсал роботини яратди. Бу Инновацион ривожланиш вазирлиги янги биносида ташкил этилган робототехника лабораторияси мутахассислари кўмагида амалга оширилган илк лойиҳадир.

Мазкур универсал роботнинг яратилиши тиббиёт, тадбиркорлик, таълим, туризм каби соҳалардаги ҳар кунлик вазифаларни бажаришга кўмаклашади, шунингдек имконияти чекланган инсонлар учун иш ўринларининг кўпайишига хизмат қилади. Ёрдамчи-робот мулоқот қилиш билан бир қаторда ўз ҳиссиётларини ҳам изҳор қила олади, уни ишхонада ёки уйда кўмакчи сифатида ишлатиш мумкин.

Буюртмачининг истак-хоҳишига кўра мазкур роботни истаган кўринишда ясаш мумкин. Шунингдек, сунъий интеллект, одамни таниш, хонадаги ускуналарни бошқариш каби қўшимча функцияларни ҳам қўшиб яратиш имконияти мавжуд. Роботни илова орқали ёки овоз билан бошқариш мумкин.

Бундай роботларнинг хориждаги нархи ўртача нархи 180 миллион сўмга тўғри келса, миллий хизматчи роботларимизнинг ўртача нархи комплектациясига қараб 25–45 миллион сўмни ташкил этади.