Мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш масаласи мунтазам равишда давлатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб келган.
Юртимизда кексаларни ана шундай улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишлар жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътиборидан четда қолмаяпти.
Жанубий Кореяда чоп этиладиган “Senior Guide” (시니어가이드) журналининг февраль сонида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда кексаларга яратиб берилаётган имкониятлар, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳикоя қилувчи “Кекса авлод вакилларини ҳурмат қилиш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш ҳар бир ўзбекистонликнинг бурчидир” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи - ушбу журнал етакчи муҳаррири Сонг Чжонг Укнинг қайд этишича, кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқининг азалий анъаналаридан биридир. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари ижтимоий қўллаб-қувватламоқда. Уларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилиб, дам олиш масканларида даволанмоқда, жамоат транспортидан бепул фойдаланмоқда.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 28 декабрь куни имзоланган Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармон ҳам кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга қаратилган.
Фармонда фахрийларнинг Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, оқсоқоллар, кекса ёшдагилар ва ногиронларни ёшларни Ватанга муҳаббат, кекса авлод кишиларини ҳурмат қилиш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини эъзозлаш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш ишларини сифат жиҳатидан янги миқёсга олиб чиқиш кўзда тутилган, дейилади мақолада.