Куни-кеча Президентимиз “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу мамлакатимизда сўнгги йилларда маънавий-маърифий, маданий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Айтиш керакки, юртимизда эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз қалбида бугунги кунга шукроналик, эртанги ёруғ келажакка умид ва ишонч туйғуларини тобора кучайтирмоқда. Бу йўналишдаги ислоҳотлар жараёнида  маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турларини ривожлантириш, соҳа намоёндалари фаолиятини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йилда қабул қилинган “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қатор фармон ва қарорлар соҳани янада ривожлантириш, унинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қонун билан 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгиланди.

Шу ўринда табиий савол туғилади: маданият ва санъат ходимлари учун нега айнан 15 апрель санаси танлаб олинди?

Тарихга назар ташласак, мазкур сананинг нишонланиши 1935 йил 15 апрелда Вашингтонда 21 та давлат раҳбарлари томонидан “Халқаро бадиий ва илмий муассасалар ва тарихий ёдгорликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги халқаро шартноманинг имзоланиши билан боғлиқлигини кўрамиз. Ушбу халқаро шартнома унинг муаллифи шарафига “Рерих пакти” деб номланган. Ўша йили Нью-Йоркда расмий рамзи – тинчлик байроғига бағишланган байрам ҳам бўлиб ўтган.

“Рерих пакти” маданий бойликларнинг ҳимояси ҳамда уларга ҳурмат келтириш бўйича умумий тамойилларни ўз ичига олади. Унга кўра, ҳатто ҳарбий зиддиятлар вақтида ҳам маданий мерос ҳимоясининг заифлашувига йўл қўйилмайди, яъни уларнинг ҳимояси ҳарбий заруратлар туфайли ўз аҳамиятини йўқотмайди. Ушбу ҳужжат тарихий ва маданий бойликлар ҳимояси бўйича қабул қилинган ЮНЕСКОнинг кўплаб акт ва тавсияномалари, шунингдек, 1954 йилда қабул қилинган Гаага конвенцияси учун ҳам асос қилиб олинган.

2008 йилда эса Россия, Италия, Испания, Аргентина, Мексика, Куба, Латвия ва Литвадаги жамоат ташкилотлари ташаббуси билан 15 апрелни Халқаро маданият куни сифатида қабул қилиш учун саъй-ҳаракат бошланган.

Эндиликда ҳар йили 15 апрель куни мамлакатимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни кенг нишонланади. Сана муносабати билан юртимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти, салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юксак натижаларга эришган юртдошларимиз “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланади.

Бу каби чора-тадбирлар ёш авлод онгида миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, маданий-маърифий соҳа ривожланиб, миллий маданий анъаналарни асраш, халқ ижодиётини тарғиб қилиш ишлари жонланади. Соҳада маҳоратли ижрочи ва ижодкорлар, профессионал кадрларни тайёрлаш тизими такомиллашади. Етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик кенгаяди, мустаҳкамланади. Миллий санъат анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳамда уларнинг жаҳон саҳнасида эътироф этилиши учун имкониятлар эшиги очилади.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда маданият ва санъат ходимлари куни  белгиланиши маданий-маърифий соҳаларда кўтаринкилик билан бошланган ислоҳотларнинг янада самарали бўлишига ўзига хос замин бўлди. Зеро, бу қонун санъат ва маданиятни юксак қадрлаган халқимизнинг ўзлигига, умуминсоний қадриятларга бўлган юксак эҳтироми, санъат ва маданиятга ошуфталиги ифодасидир.

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,

 Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият

ва спорт масалалари қўмитаси раиси