Ушбу тадбир давомида мамлакатимизнинг 726 та маҳалласида аёллар, болалар ва уй хўжаликларининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги тўғрисида муҳим маълумотларни йиғиш кўзда тутилган.

Мультииндикатор кластер кузатувлари (МИС) маълумотларини йиғиш 2021 йил 31 июлгача давом этади.

2019 йил 24 июлда Вазирлар Маҳкамасининг «2020–2021- йилларда Ўзбекистон Республикасида мультиндикатор кластер кузатувларини ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мультииндикатор кластер кузатувлари (МИС)ни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – аҳолининг яшаш шароитлари тўғрисида маълумотлар йиғишдир.

Тўпланган маълумотлар ва кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш йўлидаги тараққиётини кузатиш учун муҳим омил бўлади ва халқаро маълумотлар базаларига киритилади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, улар ижтимоий хизматлар соҳасида қарорлар қабул қилиш, миллий сиёсатни, ривожланиш ва хизмат кўрсатиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ҳам зарурдир.

Мультииндикатор кластер кузатувлари (МИС)ни ўтказиш аҳолининг яшаш шароитлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёллар билан ўтказилган сўровнома натижаларини, 5 ёшгача бўлган болалар тўғрисида оналари ёки васийларидан олинган аниқ маълумотларни, аҳоли турмуш даражаси, яшаш жойи (шаҳар ёки қишлоқ) ва жинси бўйича тўпланган барча маълумотларни мамлакатлар миқёсида халқаро даражада таққослаш имконини беради, деб хабар беради Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.