Тадбирда UNESCOнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Александрос Макаригакис, Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова ва бошқа хорижий ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирок этди. Йиғилиш гибрид шаклда (онлайн ва офлайн) ташкил этилди.
Ушбу лойиҳа доирасида UNESCO билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг касбий малакасини оширишнинг ўзбекча TDP@Scale гибрид моделининг тақдимоти бўлиб ўтди ва моделнинг онлайн босқичига расман старт берилди.
Йиғилишга ЗООМ платформаси орқали чет эллик мутахассислар боғланиб, ўзаро тажриба алмашилди.
Мазкур тадбир 8 сентябрь - Халқаро саводхонлик кунига бағишланди.
TDP@Scale модели Ўзбекистонда ўқитувчилар малакасини оширишга қаратилган бутунлай янги ёндашувдир. Малака ошириш курсларининг онлайн тарзда тақдим қилиниши ўқитувчиларга қулайлик яратади ва уларнинг доимий тарзда соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиб боришга ёрдам беради.
Ушбу модел ёрдамида ўқитувчилар иш жараёнидан узилмаган ҳолда мунтазам равишда ўз малакаларини ошириб боради. Агентлик тизимидаги мактаблар мазкур амалиётнинг жорий этилишида локоматив вазифасини бажаради. Кейинрок, бу моделнинг Ўзбекистондаги барча мактаблар учун татбиқ этилиши режалаштирилган.
Педагог кадрлар Агентлик томонидан ишга тушурилган edu.piima.uz сайти орқали TDP@Scale платформасига уланишлари ва бу ерда ҳар бир фан доирасидаги модул курслари машғулотларида иштирок этишлари мумкин. Модуллардаги иштироки ўқитувчининг портфолиосида акс этади. TDP@Scale платформаси орқали нафақат педагог кадрлар, балки раҳбар ходимлар ҳам малака оширишлари мумкин. Педагоглар муайян модулдан ўтганларидан кейин уларга Агентлик томонидан сертификат тақдим этилади.
TDP@Scale Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан UNESCO билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бу платформадан фойдаланиш мутлақо текин бўлади.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 16-24 август кунлари Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳридаги Президент мактабларида лойиҳа доирасида хорижий ва маҳаллий тренерлар бошчилигида тажриба сифатида 3 кунлик офлайн тренинглар бўлиб ўтди ва ўқитувчилар малакасини оширишга қаратилган мазкур амалиёт энди онлайн платформада давом этади.