Уларнинг танлови бир томондан ўтган беш йилда барча соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга бўлган муносабатни акс эттирса, бошқа томондан, мамлакатимизнинг яқин келажакдаги ички ва ташқи сиёсатини, умуман, Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёт векторини белгилаб беради. Модомики шундай экан, сайловчилар учун муҳим ва шарафли, шу билан бирга, ўта масъулиятли палла яқинлашмоқда.
Маълумки, сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ ўз хоҳиш-иродасини билдириши, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокининг асосий шаклидир. Танлов, рақобат имконияти бўлмаган жойда эркин ва адолатли сайлов ўтказишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам халқаро ҳужжатларда давлатлар эркин ва адолатли, барча учун тенг шароитлар яратилган, очиқ ва ошкора сайлов ўтказиш мажбуриятини ўз зиммаларига олган.
Сайловларни ўтказиш демократия, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ўзаро боғлиқлигига таянади. Қонун устувор бўлмаган жамиятда инсон ҳуқуқи ҳам, халқ ҳокимиятчилиги ҳам бўлмайди.
Ўзбекистонда сайловларнинг самарали ва мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган бўлиб, унда сайловлар ҳар беш йилда ўтказилиши, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эркин билдирилиши кафолатлаб қўйилган. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланган.
Хусусан, Конституцияда белгиланганидек, фуқароларимиз давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадир. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар сайлаш ҳуқуқига эга.
Такомиллаштирилган қонунчилик
2019 йилда Сайлов кодекси қабул қилинди. Ўтган икки йил давомида эса ушбу кодекс янада такомиллаштирилди. Жорий йилнинг 8 февраль куни қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам шулар жумласидандир. Қонунга биноан участка сайлов комиссиялари фаолиятига тааллуқли айрим нормалар янада мустаҳкамланди.
Хўш, киритилган ўзгартишлар нималарда кўринади? Буни эса қуйидагича изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, кодекснинг 25-моддасига биноан участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмасди. Аммо шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб-қоидалари талабларидан келиб чиққанда, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийинлиги аён.
Шу сабабли, охирги ўзгаришга асосан, Сайлов кодексининг мазкур моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно”.
Иккинчидан, Сайлов кодексининг чет давлатларда истиқомат қилиб турган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчи ватандошларимиз гавжум яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.
Хусусан, 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 37 давлатдаги 54 та участка сайлов комиссиясининг шахсий таркиби тасдиқланди.
Бундан ташқари, Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича мутлақ ваколатлар берилган. Бундай мақом сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш жараёнида қонунийликни таъминлаш, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Зеро, қонунчиликка кўра сайлов комиссиялари мустақил ҳисобланади ва фақат қонунга бўйсунади. Ҳокимият тузилмалари, жамоат бирлашмаларининг сайлов комиссиялари фаолиятига аралашишига ҳар қандай уринишлар тақиқланади.
Фуқаролик жамияти институтларининг роли
Демократик сайловларни инсон ҳуқуқлари, сўз ва ахборот эркинлиги, уюшиш ҳуқуқи кафолатларисиз тасаввур қилиш мушкул. Ушбу ҳуқуқларнинг таъминланиши сайлов кампанияси самарадорлиги ҳамда сайловчининг эркин ва онгли равишда қарор қабул қилишининг асоси ҳисобланади.
Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ҳамда уни ташкил қилишни ўз ичига оладиган фуқароларнинг уюшиш ҳуқуқи муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда ННТ сайлов кампаниясининг фаол иштирокчиси сифатида сиёсий тадбирнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш омилига айланган.
Биринчидан, бугун улар сайлов жараёни барча иштирокчисининг ҳуқуқий ҳамда электорал маданиятини ошириш бўйича кенг миқёсли ишларни бажармоқда. Улар қаторига “Демократия ва ҳуқуқ” институти, “Барқарор ривожланиш” маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бошқаларни киритиш мумкин.
Иккинчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ёшлар иттифоқи, Ногиронлар жамияти, Волонтёрлар ассоциацияси ва бошқа шу каби нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари округ ва участка сайлов комиссиялари таркибида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тадбирларида фаол қатнашмоқда.
Масалан, округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 24 фоизи ННТ вакиллари бўлиб, улар орасида комиссия раислари, раис ўринбосарлари ва котиблари ҳам бор. Участка сайлов комиссиялари таркибида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолларининг жами улуши қарийб 30,5 фоизни ташкил қилмоқда.
Учинчидан, сайлов жараёнларида жисмоний имконияти чекланган шахсларни кенг жалб этиш, хусусан, сайлов комиссиялари аъзолигига киритиш мақсадида шу йил 25 май куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон карлар жамияти ва Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти билан келишув битимлари тузган ва бу борада ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда.
Тўртинчидан, Волонтёрлар ассоциациясининг аъзолари ва бошқа ННТ вакиллари (жумладан, касаба уюшмалари, спорт турлари ассоциациялари аъзолари) сайлов кампаниясини ташкил этиш, хусусан, комиссиялар жойлашадиган биноларни танлаш ва жиҳозлашни мониторинг қилиш, сайловчилар рўйхатларини шакллантириш, сайловчиларни овоз бериш куни, жойи ва вақти ҳақида хабардор қилишда, фуқароларга сайловларнинг аҳамияти борасида тушунтиришлар бериш ва унда фаол иштирок этишга жалб қилишда сайлов комиссияларига яқиндан кўмаклашиб келади.
Шу ўринда мамлакатимизда аҳолининг кенг қатлами томонидан қўллаб-қувватланаётган мустақил ва барқарор нодавлат нотижорат ташкилотлари тизими яратилган, десак, муболаға бўлмайди. Бугун улар сайловларни адолатли, ҳаққоний ҳамда ҳалол ўтказишнинг, очиқлик ва ошкораликнинг гарови бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу юртимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш йўлидаги демократик ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир. Албатта, мазкур ислоҳотлар мамлакатимиз ривожланишининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда, тизимли, изчил ҳамда босқичма-босқич амалга оширилди. Бинобарин, жамият ва давлат қурилишининг барча жабҳасидаги демократлаштириш ҳамда модернизациялаш жараёни аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онги юксалишига туртки бермоқда.
Очиқлик ва ошкоралик
Президент сайловининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Сайлов даврида оммавий ахборот воситалари фаолияти, асосан, қуйидаги йўналишлар, яъни сайловларни ўтказишда ташвиқот қилиш, сайлов комиссияларининг фаолиятлари натижалари юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, жамоатчилик назоратини юритиш орқали амалга оширилади.
Оммавий ахборот воситалари нафақат сайлов кампаниясининг бориши тўғрисида сўнгги янгиликларни тақдим этиш, балки сайловда иштирок этаётган номзодларнинг сиёсий қиёфасини яратиш ва ўзгартириш, сайловчиларнинг сиёсий қизиқишини уйғотишда ҳам улкан имкониятларга эга.
18 октябрга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан 1 минг 439 та маҳаллий ва 233 та хорижий оммавий ахборот воситалари аккредитациядан ўтказилди. Демак, Ўзбекистонда Президент сайлови маҳаллий ва хорижий аудитория эътиборида камида 1 минг 672 ракурсдан ёритилади. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро майдонда ва жаҳон ҳамжамияти назарида юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг халқаро андоза ва талабларга тўла ҳамоҳанг эканини синовдан ўтказувчи жараён ҳисобланади.
Шу боис сайловлар, авваламбор, Конституциямиз мезонлари ва принциплари, сайловга оид қонунчиликка биноан эркин, очиқ ва ошкора, холисона ва ҳалол, қисқача айтганда, сайловчиларимизнинг эркин хоҳиш-иродасини намоён қиладиган тарзда ўтишида, энг аввало, ушбу жараённи ёритишда оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида айтганда, 2021 йилги Президент сайловининг мустақил Ўзбекистон тарихида аҳамияти чексиз. Сабаби, сўнгги беш йилда Ўзбекистоннинг янгиланган ички ва ташқи сиёсати самараси ўлароқ жамиятда аввал кузатилмаган очиқлик ва шаффофлик, эркин муҳокама маданияти шаклланиб бораётган ҳамда фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ошиб, улар ўз позициясини очиқ билдираётган муҳит шаклланди. Президент сайлови эса мамлакатда мавжуд сиёсий партиялар жонланиб, жамиятда партиялараро рақобат юзага келаётган, аҳоли уларнинг бир-биридан ғоявий-мафкуравий фарқини ажратиб, Сайловолди дастури бўйича ўзининг фикрини, кези келганда танқидий қарашларини билдириб бораётган шароитда ўтмоқда.
Ишонч билан айтиш мумкинки, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайлов Ўзбекистон Республикаси тарихида янги саҳифа очиб беради.
Абдуқодир ТЎЛАГАНОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бош мутахассиси