Қайд этилишича, биржа савдоларида 2025 йилда жами 358 минг тонна суюлтирилган газ сотилган. Бунда, сотилган маҳсулотнинг 61 фоизи (219 минг тонна) маҳаллий ва 39 фоизи импорт маҳсулот ҳиссасига тўғри келган.

Таъкидлаш жоизки, ушбу кўрсаткич январь июль ойларида ўртача 80 фоизгачани ташкил этган бўлса, август ойидан бошлаб ички бозорда маҳаллий маҳсулотнинг ҳиссаси камайиб бориб, 2025 йил декабрь (35 фоиз) ойи ва 2026 йил январь ойининг ўтган даврида 10 фоизгача пасайиб кетган.

Бунга асосий сабаб, маҳаллий маҳсулотни аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилганлиги маълум қилинди.

Маҳаллий маҳсулот бошланғич нархи ўтган йил давомида деярли ошмаганлиги, шунингдек, Қўмита томонидан суюлтирилган газ бошланғич нархига 20 фоиз спред (бошланғич нархга нисбатан ўсиш чегараси) ва 1 та савдо сессиясида 5 тонна (муқаддам 10 тонна) харид лимити ўрнатилганлиги ҳисобига маҳаллий маҳсулот сотилиш нархи 1 тн учун 7 млн сўмдан ошмаган. Шу ўринда, импорт маҳсулот нархи 8 млн сўмгача шаклланган.

Ўз навбатида, маҳаллий ва импорт маҳсулотнинг бошланғич (50 фоиз) ва сотилиш (35 фоиз) нархи ўртасида 40 фоизгача тафовут мавжуд.

Бироқ, сўнгги ойларда ички бозорда импорт маҳсулот улуши ва талабнинг ошиши ҳисобига биржа савдоларидаги ўртача нарх импорт маҳсулот ҳисобига шаклланмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт маҳсулотнинг бошланғич нархлари оширилиши сабабли бугунги кунда 1 тн суюлтирилган газ маҳсулоти ўртача 9,5 млн сўмгача сотилмоқда, декабрга нисбатан ўсиш 20 фоиз.

Ўз навбатида, Қўмита томонидан ички бозорда суюлтирилган газ (пропан) нархларини барқарорлаштириш мақсадида ваколат доирасида тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги нархлар юзасидан доимий мониторинг ўрнатилган.

Таъкидлаш жоизки, республикада, суюлтирилган газ (пропан)да ҳаракатланувчи автомобиллар сони 11 фоизни ташкил этади. Шунингдек, ички бозорда автомобиллар учун реализация қилинган ёқилғи маҳсулотлар суммасининг атиги 5 фоизини суюлтирилган газ(пропан) ташкил этади.

Бироқ, бугунги кундаги вазиятда чакана нархлар тўғрисида ҳар қандай маълумотнинг ёритилиши ёки нархлар ошиши тўғрисида ахборот тарқатилиши ички бозорда ягона нарх шаклланишига ва бозор тамойиллари бузилишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли, Қўмита барча ижтимоий тармоқ фаолларини ички бозорда нархлар ошишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ахборотларни тарқатмасликка чақирди.