Жамғарма матбуот хизмати раҳбари Айжамал Жолдасбаеванинг маълум қилишича, 2020 йил 1 октябрь ҳолати бўйича Пенсия жамғармаси ҳисобида турувчи пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 млн 785 минг 520 нафарни ташкил қилмоқда.

Ҳудудлар кесимида ҳисобланганда уларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳри (13,1 фоиз) ва Навоий вилояти (12,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич Тошкент, Бухоро, Фарғона, Сирдарё, Андижон, Хоразм вилоятларида 11 фоиз ва ундан кўпроқни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларда эса пенсионер ва нафақахўрлар улуши 9 фоиздан 10 фоизгача.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда пенсияларнинг ўртача миқдори 817 минг 457 сўмни, нафақаларнинг ўртача миқдори эса 463 минг 121 сўмни ташкил этмоқда.

1991 йил 1 январдаги маълумотда юртимизда 2 млн 158 минг 995 нафар пенсия ва нафақа олувчи қайд этилган.

"Агар юртдошларимиз пенсия таъминоти билан боғлиқ, жумладан, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш, тизим бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ижросини таъминлаш, ҳудудий пенсия бўлимларига мурожаат қилганда тамагирлик, порахўрлик, ўз хизмат ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби салбий ҳолатлар, бюрократик тўсиқлар, умуман, коррупцион вазиятларга дуч келса, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 1140 “Ишонч телефони”, www.pfru.uz расмий веб-сайти, t.me/PensionFundRUz расмий телеграм канали, pension_uz@pfca.mf.uz электрон почтаси ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали мурожаат қилишлари мумкин", дейилади матбуот хизмати хабарида.