Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланадиган энергия (ҚТE) манбалари улушини 25 фоизгача оширишни режалаштирган.
Бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумий ҳажмида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши 10 фоизгача ташкил этади, қолган 90 фоизи анъанавий манбалардан ишлаб чиқариляпти.
Шамол энергетикаси бўйича етакчи мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон географик жойлашуви ва иқлим шароити боис ушбу йўналишда улкан салоҳиятга эга.
2020 йил 8 июнь куни Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси ўртасида инвестициявий шартнома имзоланди. Мазкур ҳужжатга кўра, Амирликлар компанияси Навоий вилоятида шамол электр станциясини (ШEС) лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва фойдаланишни таъминлайди.
Бу «Masdar» томонидан республикамизда амалга оширилаётган иккинчи йирик лойиҳадир. Ўтган йил октябрь ойида компания давлат-хусусий шериклик асосида Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиққан эди. Мазкур лойиҳа бўйича тегишли келишувлар 2020 йил январь ойида имзоланган.
Энергетика вазирлиги мутахассислари Ўзбекистонда шамол электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланиш лойиҳасини амалга ошириш 600 миллион доллардан ортиқ миқдордаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда 1 минг 300 та янги иш ўрнини яратиш имкониятини беришини таъкидлади.
Электростанциянинг фойдаланишга топширилиши йилига 1,8 гВт /соат миқдорида арзон электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобига республиканинг энергетика балансини диверсификация қилиш ва мустаҳкамлашга имкон беради. Бу 500 мингдан зиёд уй хўжалигининг эҳтиёжини қоплайди деганидир.
Замонавий ҚТE технологияларини жорий этиш электр энергиясини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган табиий газ ҳажмини йилига 175 миллион кубометргача камайтириш имкониятини тақдим этади. Бу, шунингдек, тежаб қолинган энергия ресурслари бошқа эҳтиёжларга йўналтирилади, атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндилари сезиларли даражада (йилига 1,1 миллион тонна) камайтирилади, дегани ҳамдир.
Янги объектни қуриш ишларини 2021 йил охирига қадар бошлаш кўзда тутилган. 2023 йил апрель ойида ишлаб чиқариш қувватларининг биринчи босқичи (250 МВтгача) ва 2024 йил охирига қадар барча қувватларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Жорий йил сентябрь ойида «Masdar» компанияси Томди тумани минтақасида шамол салоҳиятини ўрганиш учун тўртта метеорологик устун ўрнатди. Бу Навоий вилоятида 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг навбатдаги босқичи бўлди.
«Masdar» — Абу-Даби ҳукуматининг «Mubadala Investment Company» компаниясининг шўба корхонаси ҳисобланади. У қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ихтисослашган етакчи халқаро компаниялардан бири.
Компания томонидан амалга оширилган инвестициявий лойиҳалар портфели 4 000 МВтдан ортиқ ҳажмда қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган қувватларни ўз ичига олган, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.