"UzNews«нинг маълум қилишича, унда қизларни эрта турмушга бериш ва қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳисоботи тингланди.
«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтининг директори Нодира Эгамбердиеванинг маълум қилишича, Ўзбекистонда «оиланинг бахтлилик индикатори» ишлаб чиқилмоқда. Шу мақсадда «Бахтиёр оила» веб-сайти яратилмоқда. Сайт бахтиёр оила қандай бўлиши, нима қилиш кераклигига қаратилган. Фойдаланувчиларга оилаларда айрим мавжуд маиший камчиликларни ҳал қилиш йўллари ҳам кўрсатилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Нодира Эгамбердиева институт томонидан эрта никоҳга ундовчи омиллар сабаблари ўрганилаётганини таъкидлаб, тегишли қарор асосида тез орада «Бибихоним» мактаблари тузилишини маълум қилди.
«Бунинг концептуал асосларини ишлаб чиқяпмиз. Бу мактабларда асосан 5-6 йўналишда, ўсмир ёшдаги қизларни ҳаётга тайёрлаш, уларда етакчилик сифатларини шакллантириш, турли ечим ва қарорлар қабул қилиш борасида қизлар ўқитилади», — деган Нодира Эгамбердиева.