Ушбу ҳужжат соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини аниқ белгилашга қаратилган.
Қонун билан Спорт вазирлиги, Миллий олимпия ва Паралимпия қўмиталарининг ваколатлари кенгайтирилди. Илк бор паралимпия, сурдлимпия ва махсус олимпия ҳаракатларига доир нормалар, шунингдек, спорт агентлари, мураббий ва ҳакамларнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди.
Ҳужжатда спортда допингга қарши курашиш ва мусобақа натижаларига ноқонуний таъсир кўрсатишнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар белгиланган. Шунингдек, спортчи ва мураббийларни бир марталик ҳамда ҳар ойлик тўловлар шаклида моддий рағбатлантириш тизими жорий этилмоқда.
Сенаторларнинг қайд этишича, янги қонун аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш ва соҳадаги бошқарув тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.