Мазкур ҳужжат Президентимизнинг 2021 йил 25 майдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тайёрланмоқда. Бу жараёнга қатор халқаро ташкилотлар экспертлари ва маслаҳатчилари жалб этилган.
Стратегия Ўзбекистонда тиббиётни янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади. У тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, соҳани молиялаштириш ва бошқариш механизмларини такомиллаштириш, электрон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббиёт ходимлари салоҳиятини ошириш каби саккизта муҳим йўналишни қамраб олади.
Маълумки, бугун ҳар бир соҳада инновацияларнинг ўрни жуда муҳим. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бунга эҳтиёж юқори. Қолаверса, халқаро амалиёт шуни тасдиқлайдики, тиббиётни жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишда илғор бошқарув менежменти ҳал қилувчи ўрин тутади.
Муаммоли масалаларга креатив ёндашиш, замонавий тенденциялар асосида ечим топиш орқали эса кўзланган марраларга тез ва самарали эришиш мумкин.
Шу мақсадда биринчи босқичда Жаҳон банки экспертлари кўмагида ишчи гуруҳлар тузилиб, халқаро ва маҳаллий маслаҳатчилар учун техник топшириқлар ишлаб чиқилди ҳамда уларга бир қатор талаблар белгиланди.
Навбатдаги босқичда халқаро экспертлар томонидан ҳар бир йўналиш бўйича ситуацион таҳлил ўтказилади. Ҳозир бу борада амалий ишларга киришилган.
Хусусан, халқаро экспертлар ҳудудлардаги даволаш-профилактика муассасаларида ўрганишлар олиб боради. Уларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли бошқармалари раҳбарлари ҳамроҳлик қилади.
Жойлардаги реал вазият атрофлича ўрганилгач, тўпланган маълумот ва далиллар таҳлил қилиниб, эксперт ва ишчи гуруҳлар томонидан холис баҳоланади ва тегишли тавсиялар тақдим этилади.
Албатта, буларнинг барчаси соҳадаги муаммоларга халқаро тажриба ва энг илғор ёндашувлар асосида амалий ечим топишга хизмат қилади.
Учрашувда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ва Жаҳон банки томонидан жалб этилган халқаро экспертлар стратегияни ишлаб чиқиш билан боғлиқ муҳим вазифалар хусусида фикр алмашдилар.