Учрашувда мамлакатимиз ички ва халқаро туризм соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Мамлакатимиз туризм индустрияси вакиллари учрашувда ўз фаолияти давомида юзага келаётган муаммоли масалалар ва уларнинг ечими юзасидан Транспорт вазирлиги тизим ташкилотлари раҳбарлари билан фикр алмашишди.
Хусусан, ҳар бир вилоят кесимида мавжуд туристик объектларга олиб борувчи йўлларнинг ҳолати ҳамда йўл бўйи инфратузилма объектларининг аҳволи, транспорт қатновлари ва логистика билан боғлиқ масалалар, маҳаллий ва халқаро йўналишларда бажарилаётган авиақатновлар мунтазамлигини таъминлаш, транспорт ва транспорт инфратузилма объектларида хизмат кўрсатувчи ходимлар малакасини ошириш, соҳада рақамли технологиялар ва хизматлар турларини кўпайтириш билан боғлиқ жиҳатлар муҳокамалар марказида бўлди.
Учрашувда кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан Транспорт вазирининг логистика ва туризмни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси бошчилигида ишчи гуруҳини ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорликда ишларни мувофиқлаштириб боришга келишиб олинди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.