Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар рақамларда акс этган инфографикани эълон қилди. Унда ташқи савдо алоқалари, импорт-экспорт ҳажми келтирилган. Шунингдек, ушбу инфографикада икки давлат ўртасида ўзаро савдо улуши қайси маҳсулотлар билан кўпроқ амалга оширилишини билиб олиш мумкин.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмларининг жадал ўсиши натижасида Туркия 2021 йилда Ўзбекистоннинг тўртинчи энг йирик ташқи савдо ҳамкорига айланди.

Сўнгги уч йилда Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган турк инвестицияларининг ҳажми икки баравар ошиб, 2021 йил якунига кўра 1,2 млрд. долларни ташкил этди. “Çalık Holding”, “Akaya İnşaat”, “Varnet” каби турк компаниялари ва бошқа инвесторлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

2021 йил январь-декабрь ойларида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажми 3 388,3 млн. долларни ташкил этди. Шундан 1 690,1 млн. доллар ёки 49,9% экспорт, 1 698,3 млн. доллар ёки 50,1% импортга тўғри келди.

Ўзбекистон жаҳоннинг 150 та мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Туркия Республикаси билан умумий ташқи савдодаги улуши 8,1%ни, экспортда 10,2%ни, импортда 6,7%ни ташкил этди.

2022 йил январь-февраль ойларида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо улушида энг юқори кўрсаткич саноат моллари ҳиссасига тўғри келяпти.