Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати маълум қилди, деб ёзади ЎзА.

Қайд этилишича, 5 нафар гуруҳ етакчиси ва 84 нафар воситачи аъзолар қўлга олинди. Шунингдек, 8 яширин нарколаборатория фош этилди. 

Бу наркожиноятчиларнинг 20 нафари психотроп дориларни, 28 нафари анъанавий наркотикларни тарқатиш билан шуғулланган. 41 нафари синтетик наркотикларни тарқатишни онлайн наркодўконлар орқали амалга оширган. 

2025 йил давомида 14 яширин нарколаборатория аниқланган бўлса, жорий йилнинг 2 ойи давомида 8 нарколаборатория аниқланди.

Нарколабораторияларнинг 3 таси психотроп моддаларни тайёрлаш билан шуғулланган яширин цехлар бўлса, 5 таси синтетик наркотик моддаларни тайёрловчи нарколабораторияни ташкил қилган. 

Тезкор тадбирлар натижасида январь-февраль ойларида 41 кг анъанавий наркотиклар, 100 кг.дан ортиқ синтетик наркотиклар, 1 миллион дозага тенг 200 мингга яқин психотроп дори воситалари ва 2 тоннага яқин прекурсорлар ноқонуний муомаладан олиб қўйилди.

Аниқланишича, ушбу уюшган жиноий гуруҳлар ўртача 3 ойдан 10 йилгача вақт оралиғида фаолият юритган. Бир йилда ўртача 1 миллион донадан ортиқ психотроп дори воситалари, бир йил давомида 2-2,5 тонна “гашиш” ва “опий” каби наркотик моддаларни ўтказишни амалга оширган. 

Интернет наркодўкони томонидан бир йилда ўртача 350 кг, 3 йил давомида 4 миллион дозага тенг бўлган 700 - 800 кг синтетик наркотик моддалар “закладка” усулида тарқатилган.

Наркожиноий гуруҳлар томонидан турли хилдаги гиёҳвандлик воситаларини Тошкент, Наманган, Андижон, Самарқанд, Сирдарё вилоятларининг жами 40 туман ва шаҳрида фаол тарзда тарқатиш амалга оширилган. 

Наркотик моддалар юртимизга Афғонистондан Сурхондарё орқали, Қирғизистондан Наманган ва Андижон вилоятлари орқали, Қозоғистондан Тошкент вилояти орқали республикага контрабанда йўли билан олиб кирилган.

Мазкур хавф-хатарларга қарши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кескин чоралар кўрилмоқда.