Масалан, ҳозирги вақтда республикамиз иқтисодиётини таркибий қайта қуришни чуқурлаштириш ва илмий сиғими юқори бўлган ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий инвестициялар зарур.
Ёки иқтисодиётимизни инновация асосида ривожлантириш учун юқори савияли ва замонавий билимларга эга мутахассислар зарур. Ушбу талабни қондириш учун ёшларимиз хорижнинг етакчи университетларида таҳсил олишлари лозим. Шунингдек, хўжалик субъектлари товарлар ишлаб чиқариши учун хом-ашё ва эҳтиёт қисмларни бир қисмини хорижий давлатлардан импорт қилиши ҳам ишлаб чиқарган товарларини хорижга экспорт қилиши керак. Буларнинг барчасини амалга ошириш учун валюта операцияларини соддалаштириш ва қулай қилиш лозим. Бу ерда 2020 йилнинг 1 сентябридан кучга кирадиган "Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари"[1] айни муддао бўлди.
Ушбу қоида билан республикамизда валюта операцияларини амалга оширишни соддалаштириш ва мижозларга қулайлик яратиш бўйича бир қатор янгиликлар жорий этилди. Жумладан, тижорат банклари жисмоний шахслар билан валюта операцияларини амалга оширишда улардан паспорт нусхасини талаб қилиш бекор қилинди. Аммо инстаграмда shakhruhburhanov[2] аккаунти билан кирган шахс, у 100 доллар сотиб олиш учун мурожаат қилган тижорат банки хужжат сўраганини ёзган. Ушбу ҳолатда банк ходими янги қоида билан таниш эмаслиги кўриниб турибди. Бундай ҳолат юз бермаслиги учун тижорат банклари валюта операциялари бўйича мижозларга хизмат кўрсатадиган ходимларини янги қабул қилинган қоида мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича тренинг ўтказишлари лозим.
"Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари"га кўра Марказий банк томонидан айирбошлаш шохобчаларини рўйхатга олиш ва уларга гувоҳномалар бериш амалиёти бекор қилинди. Энди тижорат банклари хорижий валюталар олди-сотдиси амалга ошириладиган ҳудудларда тезлик билан валюта айирбошлаш шохобчаларини очишлари мумкин. Масалан, республикамизда фаолият кўрсатадиган кўпгина деҳқон, кийим-кечак, қурилиш материаллари ва бошқа бозорларда товарлар харид қилиш қилиш учун келадиган одамларда хорижий валютани сотиб, сўмни сотиб олишга эҳтиёж бор. Чунки бозорга кирувчиларнинг кўпчилигида хорижий валюта уларнинг қариндошлари хорижий давлатларда ишлаб топиб, юборган валюталардан ташкил топади. Масалан, фақатгина жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 2,4 млрд АҚШ долларини ташкил этган[3].
Бозорларда валюта айирбошлаш шохобчалари очилмаган бўлса, уларнинг вазифасини норасмий ишлайдиган валютафурушлар бажаради. Бунда жойларда тижорат банкларининг тез валюта айирбошлаш шохобчаларини ташкил этиши аҳолига қулай молиявий шароит яратишга ва пулнинг банклар орқали айланиб яширин иқтисодиётни қисқаришига кўмаклашади.
Республикамиз тижорат банклари кўпгина кўрсатадиган молиявий хизматлар сингари валюта операцияларини амалга оширишда рақамли банкинг имкониятларидан фаол фойдаланишмоқда. Масалан, жисмоний шахслар ўзларнинг пластик карточкаларидаги маблағларни онлайн тарзда 24/7 режимида, кеча-ю кундуз хорижий валютага конвертация қилишлари мумкин. Бунинг учун улар тижорат банкнинг иловасини ўзларининг андроид телефонларига юклаб олишлари ҳамда банкдан хорижий валютадаги пластик карточка очган бўлишлари лозим. Жисмоний шахслар конвертация қилган маблағларни ушбу пластик карточкалардан барча халқаро тўловларни, масалан, хорижга дам олишга ёки даволанишга борганда харажатларни амалга оширишлари мумкин.
Инстаграмда timmie89official[4] аккаунти билан кирган шахс эса, "Россияда Сбербанкнинг иловаси бўлиб, ундан уйда ётган ҳолда МҲД мамлакатларида пул маблағларини бемалол жўнатиш мумкин, Ўзбекистонга бунга ҳали анча бор" деб ёзган. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг йирик тижорат банкларидан бўлган "Агробанк» худди шу Россиянинг Сбербанки билан биргаликда «Сбербанк-Агробанк онлайн пул ўтказмалар» хизмат турини йўлга қўйган. Эндиликда пул ўтказмаларини жўнатувчи ва уларни қабул қилувчилар пул жўнатиш ва олиш учун банк филиалларига ташриф буюришлари шарт эмас. Жисмоний шахслар пулларни Россиядан Ўзбекистонга 24 соат давомида юборишлари, ушбу молиявий хизматдан ҳафта давомида фойдаланишлари мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу молиявий хизмат тури автоматлаштирилган бўлиб, Россиядаги барча Сбербанк филиалларида ва «Сбербанк Онлайн» мобиль иловаси орқали амалга оширилади. Жўнатиладиган маблағлар мобиль илова орқали Россия рублини автоматик равишда жўнатмани олувчининг Агробанкдаги «Ҳумо» картасига сўмда ўтказиб берилади.
"Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари" билан валюта операцияларининг асосий иштирокчиси бўлган хўжалик субъектлари учун бир қатор қулайликлари яратилган. Жумладан, хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларини конвертация қилиш жараёнлари ҳамда чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этиладиган буюртмаларни банклар томонидан кўриб чиқиш тартиби соддалаштирилди. Шунингдек, корхоналарга сотиб олинган маблағлардан фойдаланиш борасида қўшимча қулайликлар яратилди. Энди улар банкдаги махсус валюта ҳисобварағларига турли хил сабабларга кўра қайтиб тушган валюта маблағларидан такроран фойдаланишлари мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, республикамиз иқтисодиётини барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида валюта операциялари амалга ошириш замон талабларидан келиб чиқиб янада соддалаштирилмоқда. Мижозларга банкларнинг валюта операциялари бўйича хизматларидан фойдаланиш учун маъмурий тўсиқлар олиб ташланиб, рақамли технологияларни жорий қилинган ҳолда қулайликлар яратилмоқда.
Фозил Додиев,
Иқтисод фанлари номзоди