Фракция аъзолари дастлаб “Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Шундан сўнг, Фракция аъзолари “Зайтун мойи ва зайтун меваси тўғрисидаги халқаро битимга (Женева, 2015 йил 9 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳасини фракция аъзолари кўриб чиқдилар. 

Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда зайтун меваси ва ундан тайёрланган ёғга жаҳон бозорларида талаб юқори бўлиб, асосан аҳоли истеъмоли ва доривор мақсадларда фойдаланилади. Маълумотларга кўра, 1 гектар зайтун плантациясидан 15-17 минг доллар, уни қайта ишлаш орқали 45-50 минг доллар миқдорида даромад олиш мумкин. Ўзбекистон шароитида зайтун етиштириш ва уни қайта ишлаш агротехнологияси бўйича аниқ илмий асосланган талаб ва тавсиялар мавжуд эмас.

Мазкур ҳужжат билан юртимизда соҳада ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда янги зайтун плантациялари ташкил этилади, қайта ишлаш корхоналари ишга туширилади ҳамда экспорт ҳажмлари оширилади. Шунингдек, соҳада селекция ва агротехник усулларни қўллаш бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Мажлисда кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилиб, қонун лойиҳалари юзасидан Экология партияси фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди, дея хабар қилинади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.