Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг «OIC Today» журнали ушбу мақолани ўз саҳифаларида эълон қилди. Унда Ўзбекистонда муносиб меҳнат шароитларини яратиш, бандликни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, болалар ва мажбурий меҳнатнинг ва одам савдосининг олдини олиш бўйича мамлакатимиз эришган муваффақиятлар, шунингдек, бу соҳада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисидаги маълумотлар ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Мақолада мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” ҳамда “жамият - ислоҳотлар ташаббускори" тамойиллари мамлакат ҳаётидан мустаҳкам ўрин олгани алоҳида таъкидланган.

“Давлат раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли инсон ҳуқуқлари ва уларнинг кафолатларини таъминлашда, шунингдек, мажбурий меҳнатга, жумладан, болалар меҳнатига барҳам беришда аниқ натижаларга эришиш мумкин бўлди, - деб ёзади «OIC Today» журнали. - Меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар аллақачон жаҳон ҳамжамияти учун намуна бўлиб қолди”.