Вашингтондаги Элчихонамиз маълумотига кўра, юклар Солт-Лейк-Сити шаҳридан денгиз йўли билан Латвияга етказилган. У ердан дипломатик ваколатхоналаримиз кўмагида Россия ва Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказилди.

Умумий қиймати 808 минг долларга тенг Инсонпарварлик юки Американинг «Globus Relief» хайрия ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимини пандемияга қарши кураш борасида мустаҳкамлаш мақсадида тақдим этилган.

«Globus Relief» нотижорат ташкилоти 1996 йилда ташкил топган. У ташкил топганидан бошлаб дунёнинг 140 дан зиёд мамлакатига қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ дори воситалари, тиббиёт ускуналарини йиғиб етказилишини таъминлаган.

Инсонпарварлик юки ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратлари, диагностик аппаратлар, стерилизация контейнерлари, кресло-коляскалар, ортопедик ва жарроҳлик асбоблар ва бошқа воситалардан таркиб топган.

Етказилган тиббиёт жиҳозлари Ўзбекистоннинг узоқ районлардаги давлат тиббиёт муассасаларига тарқатилади.

Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами бериш тўғрисидаги қиймати 1,8 миллион долларга тенг бўлган келишув Элчи Жавлон Вахабовнинг АҚШнинг бир қатор хайрия ташкилотлари вакиллари билан учрашуви доирасида қўлга киритилган эди.

Илгари «Project Hope» нодавлат ташкилоти томонидан индивидуал ҳимоя воситалари, коронавирусни аниқлаш учун 20 мингдан зиёд тест жиҳозлари, шунингдек тиббиёт ускуналари, жами 600 минг долларга тенг юк етказилган эди.

Ўз навбатида июль ойида Американинг «Адвентистское агентство помощи и развития» (ADRA) хайрия ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг ёрдамга муҳтож аҳолисига озиқ-овқат (ун, гуруч, ўсимлик ёғи, дуккаклилар, туз, шакар ва гўшт маҳсулотлари) етказиш лойиҳаси йўлга қўйилган эди. Барча озиқ-овқатлар Ўзбекистон бозорларидан сотиб олинганди, ва бутун мамлакат бўйлаб, жумладан Сирдарё вилоятининг май ойидаги сув тошқинидан жабр кўрган аҳолисига ҳам тарқатилганди.